ВАЗИЯТ, ҲАРАКАТ, НАТИЖА, ИСТИҚБОЛ
Барчага бирдек маълумки, бугунги кунда жаҳон бўйлаб энергия ресурсларига бўлган талаб борган сари ортиб бормоқда. Энергия ресурслари захирасининг камайиб бориши ҳамда уни ишлаб чиқариш, узатишдаги жараёнларнинг мураккаблиги туфайли унинг баҳоси ҳам ошиб бориши вазиятни янада кескинлаштирмоқда. Оламдаги геосиёсий зиддиятлар ҳам энергия ресурсларининг баҳоси ва ҳажмига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.
Юқоридаги ҳолатларни инобатга олсак, дунёда энергия ресурсларидан унумли ва самарали фойдаланиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан эканлиги ойдинлашади. Шу ўринда унинг бир неча асосий сабабларини ҳам келтириб ўтиш мумкин. Жумладан, Ер юзидаги инсонлар сонининг ўсиб бориши натижасида энергия ресурсларига бўлган талаб кескин ортган (бунда Африка ва Осиё қитъалари етакчилик қилмоқда). Қолаверса, кун сайин ишлаб чиқариш корхоналарининг кўпайиб бориши ва ҳар турдаги тадбиркорлик субъектларининг ривожланиши, углерод ёқилғисидан фойдаланилганда атмосферага зарарли газларнинг чиқарилиши туфайли экологияга салбий таъсири ҳамда Ердаги ўртача ҳароратнинг ошиб бориши (ҳозирги кунда 600га етди) натижасида доимий музларнинг эриб бораётганлиги боис сув тошқини ҳамда бошқа табиий нохушликлар келиб чиқишига сабаб бўлаётганини санаб ўтиш мумкин.
Ушбу муаммоларни ҳар бир давлат ўз имконияти ва салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда турли дастур ҳамда чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, ҳал қилишга уринмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” 2022 йил 2 декабрдаги ПҚ-436-сон Қарори қабул қилиниб, унда мамлакатимизда “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва “яшил” ўсишни таъминлаш дастури ишлаб чиқилган. Хусусан, иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмаларини 2010 йилдаги даражадан 35 фоизга қисқартириш, қайта тикланувчи энергия манбаларининг ишлаб чиқариш қувватини 15 ГВтга ошириш ва уларнинг улушини электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 30 фоиздан кўпроғига етказиш, саноат соҳасида энергия самарадорлигини камида 20 фоизга ошириш ҳамда йилига 200 млн дона кўчат экиш, уларнинг сонини 1 млрддан ошириш орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни 30 фоиздан ортиқроққа кенгайтириш сингари устивор вазифалар белгиланган.
Яқинда Президентимиз ҳузурида тегишли соҳа раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда йирик саноат корхоналарида энергия тежовчи қурилмаларни ўрнатиш ҳамда энергия исрофини камайтириш бўйича аниқ чоралар кўриш ва 2025 йилда 1,1 млрд куб метр газ, шунингдек, 2,6 млрд кВт соат электр энергиясини тежаш бўйича вазифалар белгиланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, юртимизда экология бўйича Париж битимига мувофиқ Ўзбекистон иқтисодий ўсишни сақлаган ҳолда 2030 йилга қадар иссиқхона газлари ташланмаларини 2010 йилга нисбатан 10%га қисқартиришга қаратилган кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Бунга далил сифатида кейинги йилларда йирик қайта тикланувчи энергия манбалари (шамол ва қуёш фотоэлектр станциялари)нинг ишга тушганлиги ҳамда 2030 йилга бориб яшил энергиянинг улуши 40 фоизга етказилиши режа қилинганлигини келтиришимиз мумкин. Янги лойиҳаларнинг пировард натижаси электр таъминотидаги барқорорликни таъминлаш билан бирга атроф муҳитни, экологияни яхшилашга тўлиқ хизмат қилади.
Республикамизда энергия ресурслари билан барқарор, кафолатли таъминлаш баробарида энергиядан унумли фойдаланиш ва самарадорлигини ошириш бўйича ишларни изчил давом эттириш мақсадида Энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича Бош вазир раҳбарлигида республика комиссияси ташкил этилган. Комиссиянинг асосий фаолияти юртимиздаги барча соҳаларда энергия самарадорлигини оширишга қаратилган устивор вазифаларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишни ташкил этиш ҳамда ҳар бир чоракда эришилган натижа, шунингдек, мавжуд камчиликларни изма-из бартараф қилиб боришдан иборат.
2025 йил 4 апрель куни кўҳна Самарқанд шахрида иккита катта анжуман Европа иттифоқи — Марказий Осиё саммити ва Халқаро иқлим форуми бўлиб ўтди.
Дунёнинг йирик давлатлари раҳбарлари, сиёсатчилар ҳамда чет эл жамоатчилиги қатнашган ушбу форумда Президентимиз нутқ сўзлаб, “яшил макон” лойиҳаси доирасида кенг қамровли ишлар олиб борилаётганлиги, яъни кўкаламзорлаштириш, Орол бўйидаги чўл худудларида қурғоқчилик ва шўрликка чидамли ўсимликлар экилганини қайд этиб, дарахтлар экиш бўйича “Марказий Осиёнинг яшил белбоғи” акциясини ўтказишни таклиф этди. Марказий Осиёнинг асосий сув манбаси бўлган Амударё ва Сирдарёнинг сув ҳажми 2040 йилга бориб кескин камайиши муносабати билан сув тақчиллиги ўз таъсирини кўрсатиши алоҳида қайд этилди. Шунингдек, бу борада амалга ошириш зарур бўлган бир қанча таклифлар илгари сурилди. Жумладан, Марказий Осиёда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш борасида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва минтақавий дастурни ишга тушириш, музликлар ҳолатини узлуксиз сунъий йўлдош орқали кузатиш ва минтақанинг тоғ экотизимлари учун хавфларни эрта аниқлаш бўйича “Коперник” дастури доирасида Европа иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш каби таклифлар иштирокчилар томонидан маъқулланди.
Бундан ташқари, сессия суҳбатларида чет эллик иқлим экспертлари томонидан Ўзбекистонда кейинги йилларда сув ресурсларидан унумли фойдаланиш, йўқотишларни камайтириш ҳамда иқлимнинг салбий ўзгаришларига қарши кескин чоралар кўраётганлиги, тегишли дастурлар қабул қилиниб, ишлар изчил олиб борилаётганлиги алоҳида эътироф қилинди.
Ўзбекистон энергетика тизимининг асосий бўғини ҳисобланган “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ электр станцияларида ҳосил қилинган электр энергиясини ўзининг (11 773,9км) магистрал электр тармоқлари (500-220кВ) орқали ҳудудларда жойлашган йирик подстанцияларга узатган ҳолда қўшни давлатларнинг энергия тизими билан ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда. Бунда электр энергиясини узатишда электр тармоқларидаги технологик йўқотишларнинг ортиб кетмаслиги ва белгиланган меъёрда бўлиши Жамиятнинг асосий кўрсаткичи ҳисобланиб, технологик йўқотишларнинг ортиб кетиши ўз навбатида иқтисодий харажатларнинг ҳам ортишига сабаб бўлади.
Жамият томонидан технологик йўқотишлар улушини қисқартириб бориш ва энергия самарадорлигини ошириш борасида тегишли лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳамда подстанциялардаги модернизация ва реконструкция ишларининг изчил давом эттирилиши натижасида 2021-2024 йилларда магистрал электр тармоқларидаги йўқотишлар камайиб боришига эришилган.
Магистрал электр тармоқлари орқали электр энергиясини узатишдаги технологик йўқотишларнинг камайишига сабаб бўлган асосий омиллар ҳам талайгина. Жумладан, магистрал электр тармоқларининг ҳар бир ҳаво тармоғи ва подстанциясидаги технологик йўқотишларни ҳисоблаш йўли билан аниқлаб чиқиш ҳамда амалдаги йўқотишлар билан таққослаб бориш, ортиб кетиш ҳолатлари содир бўлганда унинг зудлик билан бартараф этилиши, электр энергияси қабулидаги ва узатишдаги ўлчов мажмуасининг асбобларини соз ҳолатда эксплуатация қилиниши, аниқлик даражасига эътибор қаратилиши, подстанцияларда модернизация ва реконструкция лойиҳаси доирасида эскирган электр ускуналари ўрнига замонавий, тежамкор бўлган ускуналарнинг босқичма-босқич ўрнатиб борилиши ҳамда янги ишга туширилаётган ДХШ асосидаги қуёш фотоэлектр станциялари, иссиқлик электр станциялари ва шамол электр станцияларининг янги юқори кучланишли тармоқлар орқали мавжуд тизимга уланиши ҳам ижобий таъсир кўрсатган ҳолда технологик йўқотишларнинг камайишига хизмат қилмоқда. (Хоразм вилоятидаги “ODASh Enerji CA” МЧЖ станциясининг ишга туширилишини мисол тариқасида келтириш мумкин. Бунда “Тахиатош ИЭС” билан “Хоразм” подстанциясини боғловчи 220кВ Л-1-Х-1 ва Л-1-Х-2 магистрал электр тармоқларидаги йўқотишлар камайишига эришилди). Шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш мақсадида марказий бошқарув биноси ва вилоятларда жойлашган барча маъмурий биноларда жами қуввати 753 кВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилиб, яшил энергия ҳосил қилинган ҳолда истеъмолдан ортиқчаси туман, шаҳар электр тармоқларига узатилиб келинмоқда.
Келгусида Жамиятимизнинг иқтисодий-техник кўрсаткичларини янада юксалтириш мақсадида рақамлаштиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Булар мисолида “Жаҳон банки иштирокида “Электр энергетика секторини трансформация қилиш ва барқарор электр узатиш” лойиҳасини амалга ошириш ҳамда республика магистрал электр тармоқларини ривожлантириш ва унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 3 февралдаги ПҚ-113-сонли қарорга кўра “Ўзбекистон МЭТ” АЖ юқори кучланишли электр узатиш тармоғи тизимини мониторинг қилиш, бошқариш ва эксплуатация қилиш жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган замонавий рақамли технологияларни жорий этиш мақсадида “Диспетчерлик назорати ва маълумотларни йиғиш” бўйича янги техник-дастурий комплекс (SCADA) ҳамда “Электр энергияси оқимини бошқариш” тизими (EMS)ни жорий этиш чоралари каби лойиҳаларни (лойиҳанинг умумий қиймати 125,0 млн доллар) амалга ошириш белгиланган. 2030 йилгача асосий бажариладиган ишлар кўлами белгиланиб, аниқ чора-тадбирлар асосида муносиб кўрсаткичларга эришиш ҳаракатлари стратегияси тасдиқланган.
Хулоса қилиб айтганда, Жамиятимиз бўйича электр энергиясини узатишда мустаҳкам барқарорлик ҳамда энергия ресурсларини тежаш, шунингдек, энергия самарадорлигига эришиш албатта энг устивор вазифалардан ҳисобланади.
Салим ЭШОНҚУЛОВ, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқарма бошлиғи ўринбосари
‖ Facebook ‖ Инстаграм ‖ YouTube ‖
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати