2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
uza.uz — Электр тармоғи объектлари билан туташ ҳудудларда агротадбирлар қандай олиб борилиши лозим?
  • 02.05.2025
  • 28

АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Урунов электр тармоғи объектлари билан туташ ҳудудларда агротадбирларни ўтказиш тартиб ва талаблари ҳақида маълумот берди.

Унда қайд этилганидек, юқори кучланишли электр тармоқларига туташ экин майдонларида мавсумий агротадбирларни ташкил этишда эътиборли бўлиш талаб этилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги қарорига мувофиқ, электр тармоғи хўжалиги объектларининг барқарор ишлаши учун, муҳофаза зоналарида экологик зарар ва ёнғин келтириб чиқариши мумкин бўлган бирон-бир ҳаракатни содир этиш тақиқланган.

Унга кўра, электр узатиш ҳаво линиялари симларига ва таянчларига бегона предметларни ташлаш (отиш), шунингдек, уларга кўтарилиш мумкин эмас. Яъни, темир-бетон ва металл конструкцияли таянч устунларига чиқиш, уларнинг таркибий элементларига шикаст етказиш, металл бўлакларини ечиб олиш, мустаҳкамлигига путур етказиш, шунингдек, таянч устунлари остини юмшатиш қатъиян ман этилган. Шу билан бирга, электр тармоғи хўжалиги объектларига юриб ўтиш ва транспорт воситасида ўтиш жойларига ҳар қандай объект ёки материалларни жойлаштириш мумкин эмас. Бу, айниқса, навбатчи бригада ва қурилиш-монтаж гуруҳи ходимлари ҳамда автотранспорт воситалари ҳаракати учун муҳим ҳисобланади.

Электр узатиш ҳаво ва электр узатиш кабель линияларининг муҳофаза зоналарида олов ёқиш хавфли ҳисобланади. Электр узатиш линиялари муҳофаза зонаси ҳамда подстанциялар яқинида қишлоқ хўжалиги экинлари қолдиғини тўплаш ва ёқиш мумкин эмас. Шунингдек, муҳофаза зонасида турли тадбирларни ўтказиш, савдо расталарини ташкил этиш, чиқиндихона барпо этиш ва ёқилғи-мойлаш материалларини сақлашга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, тадбирда электр узатиш ҳаво линиялари муҳофаза зонаси майдонида кўплаб одамлар йиғилиши билан боғлиқ бўлган ҳар қандай тадбирларни ўтказиш, муқим ва кўчма савдо расталари ва чиқиндихонани жойлаштириш, ёқилғи-мойлаш материалларини ташлаш, уларни сақлаш ва қуйишни амалга ошириш тақиқланиши айтиб ўтилди.

–Муҳофаза зоналарида тақиқланган ишлар, жумладан, ёнғин келтириб чиқариши мумкин бўлган хатти-ҳаракатларни содир этганлик учун амалдаги қонунчиликка биноан жавобгарлик мавжуд. Қонунни билмаслик жавобгарликдан озод этмайди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан электр тармоғи хўжалиги объектлари ўз ихтиёрида бўлган корхоналар томонидан муҳофаза қилиниши белгилаб қўйилган. Унга кўра, электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналари масофаси электр узатиш линияларининг кучланиш миқдорига мос тарзда белгилаб берилган. Хусусан, 35 киловольт кучланишли линиялар учун 15 метр, 110 киловольт кучланишли линиялар учун 20 метр, 220 киловольт кучланишли линиялар учун 25 метр ва 500 киловольт кучланишли линиялар учун 30 метрни ташкил этади.

Айтиш керакки, электр узатиш ҳаво линиялари бўйлаб четдаги симлардан, уларнинг оғмаган ҳолатида электр узатиш линиясининг иккала томони бўйлаб, электр узатиш линияси таянчи баландлигига мос бўлган баландликдаги масофага эга параллель вертикал текисликлар билан чегараланган ер участкаси ва ҳаво макони қисми электр узатиш линияларининг “муҳофаза зонаси” деб аталади, –деди У.Урунов.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА

Манба: https://uza.uz/uz/posts/elektr-tarmogi-obektlari-bilan-tutash-hududlarda-agrotadbirlar-qanday-olib-borilishi-lozim_691606

FacebookИнстаграмYouTube ‖

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
http://t.me/uzmetaxborotxizmati