Барчамизга маълумки, ҳафтанинг ҳар жума куни “Миллий либослар куни” этиб белгиланган.
Ушбу ташаббус миллий қадриятларимизни янада тарғиб қилиш, анъаналаримизни асраб-авайлаш ҳамда миллий либосларимизнинг кундалик ҳаётимизда тутган ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган.
Мазкур ташаббус доирасида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ишчи-ходимлари ҳам фаол иштирок этиб, ҳафтанинг ҳар жума куни ўзбек миллий либосларида иш жойларига ташриф буюрдилар.
Аёлларнинг атлас ва адрас каби миллий матолардан тикилган либослари нафақат эстетик гўзаллик балки, халқимизнинг бой маданий меросини ифода этиб, иш муҳитига ўзгача файз бағишлади. Эркакларга миллий бош кийими — дўппилар ярашган.
“Миллий либослар куни” нафақат ташқи кўриниш, балки миллий ўзликни англаш, ўзбекона қадриятларни ҳурмат қилиш ва ёш авлодга улуғ аждодларимиз меросини етказиш каби муҳим мақсадларга ҳам хизмат қилади.
Бу ташаббус ва анъана Акциядорлик жамияти Марказий аппаратидан ташқари барча магистарл электр тармоқлари филиалларида ҳам давом эттирилмоқда.
Бугун – халқимизнинг бебаҳо маданий меросини, қадимий урф-одатларини ва ўзига хос дидини акс эттирувчи Миллий либослар куни!
Миллий либосларимиз – бу нафақат кийим, балки аждодларимизнинг ҳаёт фалсафаси, меҳнаткашлиги ва гўзалликка интилишини мужассам этган бебаҳо анъанадир. Улар орқали биз ўзлигимизни, миллий ғуруримизни, тарихий илдизларимизни яна бир бор ҳис этамиз.
Бу кун барчамизга миллий қадриятларимизни эъзозлаш ва келажак авлодга улуғвор мерос сифатида етказиш зарурлигини эслатади.
МИЛЛИЙЛИГИМИЗДАН ҚЎЙМАСИН!
‖ Facebook ‖ Инстаграм ‖ YouTube ‖
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати