2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
“Ўзбекистон энергетика соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш” мавзусида конференция ўтказилди
  • 21.05.2025
  • 24

Бугун, 20 май куни Тошкент шаҳридаги «МEИ» Миллий тадқиқот университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалида “Ўзбекистон Республикаси учун энергетика соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш” мавзусида конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Россия элчихонаси вакиллари, энергетика соҳасида фаолият юритаётган акциядорлик жамиятлари раҳбарияти, филиал профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлар қатнашди.

Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда барча соҳалар қатори, энергетика соҳасида ҳам малакали кадрларни тайёрлаш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Давлатимиз раҳбарининг таълим соҳасига оид қатор Фармон ва қарорлари қабул қилинаётгани, бундан ташқари, таълим соҳаси юзасидан ўтказаётган йиғилишлари бунинг яққол далили эканлиги алоҳида таъкидланди. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида таълим соҳаси туб маънода ўзгариб бормоқда, бу борада нафақат талабаларга, балки устоз ўқитувчиларга ҳам кенг шароитлар яратилмоқда.

Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 4 июндаги ПҚ-4350-сон қарорига асосан, Тошкент шаҳридаги «МEИ» Миллий тадқиқот университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалининг ташкил этилгани ҳам ушбу йўлдаги катта қадамлардан бири бўлгани билдирилди. Энергетика соҳасида малакали кадрларни тайёрлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган мазкур олий таълим муассасасида бугунги кунда кундузги таълимда 7 таълим йўналиши бўйича 280 нафар, сиртқи таълимда 6 таълим йўналишида 316 нафар (жами 596 нафар) талаба таҳсил олмоқда.

Конференция доирасида талабаларни Энергетика вазирлиги тасарруфидаги ташкилотлар фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида тажрибали мутахассислар билан қатор суҳбатлар ўтказилди.

Шунингдек, филиалда талабалар учун электр энергетика ва электр техникаси қурилмаларига оид кўргазмали стендлар ташкил қилиниб, уларда соҳага доир электр қурилмалари ҳамда уларнинг афзалликлари, фойдаланиш хусусиятлари, вазифалари ҳақида мутахассислар томонидан батафсил тушунтиришлар берилди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги “Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-61-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ишлаб чиқариш билан ўзаро узлуксиз интеграция ўрнатиш, таълим сифатини ошириш ҳамда рақобатбардош кадрлар тайёрлашга эришишдан иборат.

Манба: https://gov.uz/oz/minenergy/news/view/55554

‖  FacebookИнстаграмYouTube

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
http://t.me/uzmetaxborotxizmati