Қозоғистон Республикасининг “KEGOC” миллий электр тармоқлари компанияси мезбонлик қилаётган ушбу халқаро тадбирда 2025/2026 йил куз-қиш мавсумида Марказий Осиё электр энергетика ҳалқа тизимида барқарор электр таъминотини таъминлаш бўйича амалий чоралар муҳокама қилинди. Хусусан, каскадли ўчишларнинг (блэк-аут) олдини олиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини тармоққа тўғри улаш ва улардан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишнинг биринчи қисмида 2025 йилги вегетация мавсумида қишлоқ хўжалигини суғориш (мелиорация) мақсадида минтақадаги сув ресурсларини оқилона бошқариш масалалари муҳокама қилинди. Кун тартибидан ўрин олган 2025/2026 йилги куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар билдирилди.
Шунингдек, минтақада барпо этилаётган янги энергия станциялари, қайта тикланувчи энергия манбаларини электр энергетика умумтизимига интеграция қилиш ҳамда улардан мақсадли фойдаланиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
“Ўзбекистон МЭТ” ахборот хизматига кўра, ушбу тадбирда Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларнинг электр энергетика ташкилотлари мутахассислари иштирок этяпти. Россия Федерацияси вакиллари эса кузатувчи сифатида қатнашмоқда.
Кенгаш йиғилиши 22 май куни ўз ишини якунлайди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА