Аввал хабар қилинганидек, Остона шаҳрида Марказий Осиё энергетикларининг ишчи тартибдаги йиғилишидан сўнг Марказий Осиё электр энергетика Мувофиқлаштирувчи кенгашининг 43-йиғилиши доирасидаги тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
“Ўзбекистон МЭТ” АЖ ахборот хизматига кўра, йиғилишнинг иккинчи кунида долзарб масалалар муҳокамасига урғу берилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги "Миллий диспетчерлик маркази" давлат унитар корхонаси раҳбари Музаффар Бобоев, “Барқи точик” энергетика компанияси бош директори Маҳмадумар Асозода, “КEГОС” компанияси бошқарув раиси Наби Айтжанов, “Қирғизистон магистрал электр тармоқлари” АЖ бош директори ўринбосари Шамиль Матаев ва бошқалар сўзга чиқди. Минтақа электр энергетика компанияларининг вакиллари ўз чиқишида Марказий Осиё электр энергетика ҳалқа тизимида электр таъминоти барқарорлигини таъминлашда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратди.
Соҳа мутахассислари таъкидлаганидек, Марказий Осиё энергетика тизимлари - бу ҳамкорликдаги фаолиятни мувофиқлаштириш, ёқилғи-энергетика ресурсларидан комплекс фойдаланишни таъминлаш, энергетика соҳасида хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги шартномаларни амалга ошириш бўйича маслаҳат органи ҳисобланади.
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги "Миллий диспетчерлик маркази" давлат унитар корхонаси раҳбари Музаффар Бобоев мазкур йиғилишдан кутилаётган натижалар ҳақида тўхталиб ўтди:
– Минтақада қурилаётган янги энергия станциялари ва қайта тикланувчи энергия манбаларини умумий энергетика тизимига тўғри ва изчил интеграция қилиш жараёнлари соҳада барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Бу, айниқса, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги узвий ҳамкорлик ва мувофиқлашган ҳаракатларни талаб этади.
Бугунги кунда электр энергиясига бўлган талаб йил сайин ортиб бормоқда. Ҳар бир мамлакат ўз эҳтиёжини таъминлаш баробарида, минтақавий тизимнинг узвийлигини ҳам ҳисобга олиши зарур. Қайта тикланувчи энергия манбалари бугунги глобал тенденциялар ва экологик талаблардан келиб чиққан ҳолда стратегик йўналиш сифатида қабул қилинган.
Аммо ушбу манбаларнинг ўз хусусиятлари бор, яъни улар фаолияти ташқи омилларга боғлиқ. Шунинг учун уларни умумий энергетика ҳалқасига самарали ва мутаносиб тарзда улаш муҳим. Биз “Миллий диспетчерлик маркази” сифатида нафақат ички тизимлар барқарорлигини таъминлаш, балки минтақавий ҳамкорлар билан узлуксиз маълумот алмашинувини йўлга қўйиш, электр энергияси оқимларини аниқ ва тезкор бошқариш бўйича ишларни амалга оширяпмиз.
Айниқса, куз-қиш мавсумида эҳтимолий юкламалар ошиши ва хавф-хатарлар кучайиши мумкин. Бундай шароитда тизимли ёндашув, илғор технологиялар ва узвий ҳамкорлик жуда муҳим.
2025/2026 йил куз-қиш мавсумида электр таъминотида узилишлар кузатилмаслиги учун бугунданоқ тегишли чоралар кўрилмоқда. Ҳар бир иштирокчи мамлакат ўз имкониятлари ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, ўзаро мувофиқлаштирилган иш режаларини тузиши, хавфларни баҳолаш ҳамда симуляцияларни амалга ошириши зарур.
Шунингдек, кенгаш йиғилишида биз сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласига ҳам тўхталдик. Гидроиншоотлар имкониятларини аниқлаш, сув омборларини тўғри бошқариш орқали электр ишлаб чиқариш ва сувдан фойдаланиш ўртасидаги мувозанатни таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади.
Айни пайтда минтақа миқёсида энергия тизимини рақамлаштириш, диспетчерлик бошқарувини автоматлаштириш, соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва халқаро тажрибани жорий этиш бўйича ҳам аниқ режалар мавжуд. Шунинг учун ҳам бугунги йиғилишда муҳокама қилинган таклиф ва ечимлар амалиётда ўз самарасини беради.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
‖ Facebook ‖ Instagram ‖ YouTube ‖
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати