2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
Коррупцияга қарши курашиш
Коррупцияга қарши курашиш бўлинмаларининг устувор вазифалари белгилаб берилди
  • 02.06.2025
  • 19

"Коррупцияга қарши курашишда давлат органлари ва ташкилотларининг ички назорат тузилмалари мустақиллиги ҳамда фаолияти самарадорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори қабул қилинди.

Қуйидагилар коррупцияга қарши курашиш бўлинмаларининг устувор вазифалари этиб белгиланди:

➖  коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш;

➖  давлат хизматларини кўрсатишда коррупциявий омилларни бартараф этиш, рақамлаштириш, бюрократияни қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

➖  давлат харидларини амалга оширишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик чораларини кўриш, давлат харидлари бўйича превентив ўрганишларни амалга ошириш;

➖  меҳнат жамоасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, манфаатлар тўқнашуви ва одоб-ахлоқ қоидалари бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш.

Коррупцияга қарши курашиш бўлинмалари бевосита ташкилотнинг биринчи раҳбарига, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларида эса кузатув кенгашига бўйсунади ва унинг олдида ҳисобдор бўлади;

Тузилманинг барча даражадаги раҳбар ва ходимлари республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари томонидан тайинланади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ходимларни моддий рағбатлантириш тўғрисидаги тақдимномалари улар фаолият олиб бораётган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан кўриб чиқилиши мажбурий ҳисобланади.

Қарор билан Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш бўлинмаларини ташкил этишнинг минимал мезонлари тасдиқланди.

Унга кўра:

☑️  ҳудудий тузилмалар ва таркибий ташкилотлар мавжуд бўлмаган давлат ташкилотларининг марказий аппарати штат бирлиги сони:

➖ 150 тагача бўлса, 1 нафар масъул ходим;

➖ 150-400 гача бўлса, марказий аппаратда 2 нафар ходимдан иборат бўлинма;

➖  400 ва ундан ортиқ бўлса, марказий аппаратда 3 нафар ходимдан иборат бўлинма фаоилят юритади.

☑️  ҳудудий тузилмалар ва таркибий ташкилотлар мавжуд бўлган давлат ташкилотларининг марказий аппарати штат бирлиги сони:

➖  150 тагача бўлса, марказий аппаратда 2 нафар ходимдан иборат бўлинма, ҳар бир ҳудудий тузилма ва таркибий ташкилотларда 1 нафардан масъул ходим;

➖  150-400 гача бўлса, марказий аппаратда 3 нафар ходимдан иборат бўлинма, ҳар бир ҳудудий тузилма ва таркибий ташкилотларда 1 нафардан масъул ходим;

➖  400 ва ундан ортиқ бўлса, марказий аппаратда 4 нафар ходимдан иборат бўлинма, ҳар бир ҳудудий тузилма ва таркибий ташкилотларда1 нафардан масъул ходим фаолият юритади.

Давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг белгиланган умумий сони ва ажратилган маблағлар доирасида ўзларининг коррупцияга қарши курашиш бўлинмалари учун ушбу минимал мезонларда назарда тутилганидан кўпроқ штат бирликларини белгилаши мумкин.

Агар давлат органлари ва ташкилотларининг ҳудудий тузилмасида умумий штатлар сони 100 та ва ундан кам бўлса, ушбу ҳудудий тузилманинг коррупцияга қарши курашиш фаолияти давлат органи ва ташкилотининг марказий аппаратидаги коррупцияга қарши курашиш бўлинмаси томонидан амалга оширилади.

Агар давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги таркибий ташкилотнинг штатлар сони 100 та ва ундан кам бўлса ҳамда таркибий ташкилотнинг ўзида ҳудудий ёки таркибий ташкилотлар мавжуд бўлмаса, ушбу таркибий ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш фаолияти давлат органи ва ташкилотининг Марказий аппаратидаги коррупцияга қарши курашиш бўлинмаси томонидан амалга оширилади.

Агар тизимдаги таркибий ташкилотнинг умумий штатлар сони 400 ва ундан ортиқ бўлса, юқоридагиларга асосан минимал мезонлар тадбиқ этилади.

 

Манба: https://t.me/antikor_uzb/3504

https://t.me/antikor_uzb/3505

FacebookИнстаграмYouTube ‖

«Ўзбекистон МEТ» АЖ Ахборот хизмати
http://t.me/uzmetaxborotxizmati