2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этилади
  • 02.06.2025
  • 30

"Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармон қабул қилинди.

Фармонга кўра, жорий йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этиш мақсадида:

♦  Миллий кенгаш ҳар йили ҳудудлар кесимида коррупциянинг олдини олиш бўйича “йўл харита”сини тасдиқлайди ва ижросини назорат қилиб боради;

♦ Олий Мажлис палаталари ҳар йили бюджетдан энг кўп маблағ оладиган 3 та вазирлик ва идорада коррупциявий омилларни аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

 вазир ва ҳокимлар лавозимига номзодлар тегишлича Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашида кўриб чиқилаётганда улар томонидан коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ режаси ҳимоя қилиниши йўлга қўйилади;

♦ халқаро тажриба асосида кибермаконда коррупцияга қарши самарали курашиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий база яратиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади.

♦ “Жиноятчиликка қарши курашиш ҳафталиги” давомида ҳар ойнинг 1–5 саналарида режа асосида «қизил» тоифадаги маҳаллаларга тушиб, жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари чуқур таҳлил қилиниб, ҳудудлардаги прокурорлар ва ички ишлар органлари бошлиқлари фаолияти самарадорлигини ошириш чоралари кўрилади.

Давлат харидларида сотиб олинадиган товар ва хизматлар нархи ҳамда унинг ўртача бозор нархи ўртасидаги тафовутнинг энг кўп йўл қўйиладиган чегарасидан четга чиққан ҳолда харидларни амалга оширган мансабдор шахслар жавобгарликка тортилади.

2025 йилнинг 1 июлидан йирик инвестиция лойиҳаларида коррупцияга қарши халқаро стандартлар ҳамда йирик аукцион шартларини рақобатбардошлик экспертизасидан ўтказиш тартиби жорий этилади.

“Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими қамрови янада оширилиб, босқичма-босқич халқаро ташкилотлар иштирокидаги лойиҳаларга жорий қилинади.

Бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан асосий воситаларни харид қилиш бўйича талаблар кучайтирилади.

Давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) турларини камида икки карра қисқартириш чоралари кўрилади.

Шунингдек:

2025 йил якунига қадар  халқаро тендер объектлари бўйича субпудратчиларни “Шаффоф қурилиш” тизими орқали жалб қилиш, қиймати 2 млн АҚШ долларигача бўлган халқаро молия ташкилотлар ҳисобидан молиялаштириладиган маҳаллий тендерларни “Шаффоф қурилиш” тизимида ўтказиш ҳамда халқаро тендерлар бўйича жалб қилинган чет эл пудрат ташкилотлари шартнома қийматининг камида 60 фоизини ўз кучи билан бажариш тартиби жорий этилади.

2026 йил 1 январга қадар вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар томонидан кўрсатиладиган барча давлат хизматларини туман (шаҳар) кесимида аҳолининг ўзи баҳолайдиган тизим жорий этилади.

Аҳоли томонидан «қониқарсиз» деб баҳоланган давлат хизматларини кўрсатувчи вазирлик, идора раҳбарлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимларининг шахсий жавобгарлиги белгиланади.

Сунъий интеллект асосида аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган саволларига мобил телефон орқали содда ва қулай шаклда жавоб олиш имкониятини берадиган онлайн платформа ишга туширилади.

Шунингдек, Фармон билан коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича йил якунига қадар ишлаб чиқилиши лозим бўлган 21 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари рўйхати тасдиқланди.

Вазирлик ва идоралар раҳбарлари мазкур Фармон ва унинг доирасида белгиланган вазифаларни сифатли, ўз вақтида ва сўзсиз бажарилиши юзасидан шахсан жавобгар бўлади.

 

Манба: https://t.me/antikor_uzb/3508

https://t.me/antikor_uzb/3509

https://t.me/antikor_uzb/3510

 

FacebookИнстаграмYouTube ‖

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
http://t.me/uzmetaxborotxizmati