2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
ЭНЕРГЕТИКА ВАЗИРЛИГИ: Жорий йил бошидан буён қуёш ва шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси 4 млрд кВт⋅соатга етди
  • 10.06.2025
  • 21

Бугун соат 12:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 2025 йилда ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори 4 млрд кВт⋅соатни ташкил қилди.

Аввал таъкидлаганимиздек, бугунги кунда мамлакатимизнинг 10 та вилоятида умумий қуввати 4067 мегаватт бўлган 11 та қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда 3 та шамол электр станцияси «яшил» энергия ишлаб чиқармоқда.

Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги дастлабки қуёш электр станциялари тармоққа уланганидан сўнг 2022 йили 434 млн кВт⋅соат, 2023 йилда эса 576,9 млн кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилган эди.

Ўтган йили республикамизнинг 7 та вилоятида жойлашган 9 та қуёш ва битта шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган жами электр энергияси ҳажми 4 млрд 860 млн кВт·соатни ташкил қилди.

Бундан 29 кун муқаддам, 2025 йил 12 май куни соат 12:00 да жорий йил бошидан буён қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 3 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилгани қайд этилган эди.

Бугун соат 12:00 да қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 2025 йили ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори 4 млрд кВт⋅соатга етди. Бу ўтган вақт мобайнида кунига ўртача 34,5 млн кВт·соат электр энергияси қуёш ва шамол электр станцияларидан олинди, деганидир.

Мазкур генерациянинг 2 млрд 433,1 млн кВт⋅соатлик қисми қуёш электр станциялари томонидан, 1 млрд 566,9 млн кВт⋅соатлик қисми эса шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилди.

Бунинг натижасида:

➖  1 млрд 212 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилди;

➖  атмосферага 2 млн 420 минг тоннадан ортиқ карбонат ангидрид, 1 минг 450 тонна азот оксиди, 18,2 тонна олтингугурт диоксиди ҳамда 484 тонна углерод оксиди чиқишининг олди олинди.

Қолаверса, жорий йил бошидан бугун, 10 июнь соат 12:00 га қадар Ўзбекистондаги барча гидро электр станциялари ва қуёш ҳамда шамол электр станциялари томонидан 6 млрд 930 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу жорий йилдаги жами генерациянинг 18,9 фоизини ташкил қилади.

Бунинг натижасида:

➖  2 млрд 110 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилди;

➖  атмосферага 4 млн 205 минг тоннадан ортиқ карбонат ангидрид, 2 минг 520 тонна азот оксиди, 31,5 тонна олтингугурт диоксиди ҳамда 840 тонна углерод оксиди чиқишининг олди олинди.

Маълумот учун: мазкур ҳажмдаги электр энергияси 6 миллион 930 мингта хонадоннинг беш ойлик ёки 2 миллион 887 минг 500 та хонадоннинг бир йиллик меъёрий базасини ташкил қилади.

Манба: https://t.me/minenergy_uz/16612

FacebookИнстаграмYouTube ‖

«Ўзбекистон МЭ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati