“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги 14 та магистрал электр тармоқлари филиалларининг телеграм каналлари ишга туширилди. Бу жараён Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги ПҚ-4366-сонли қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 844-сонли қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Мазкур ташаббус электр энергияси истеъмолчилари (жисмоний ва юридик шахслар) билан тезкор ва самарали ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган.
Телеграм каналлар орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва 12 та вилоятда жойлашган филиаллар фаолияти, жумладан: – 35, 110, 220 ва 500 кВ кучланишдаги подстанция ва электр узатиш линияларида амалга оширилаётган жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари, инвестиция лойиҳалари доирасидаги лойиҳалаш, қурилиш-монтаж, модернизация ва реконструкция жараёнлари, фавқулодда ва режали ўчириш ҳолатлари, филиаллар фаолиятига оид бошқа долзарб янгиликлар тўғрисида аҳоли мунтазам хабардор қилиб борилади.
–Муҳим эслатма сифатида таъкидлайманки, ажратиб қўйилган вақтда юқори кучланишли электр тармоқларида хавфсиз ишлаш шароитини яратиш мақсадида айрим подстанция ва электр қурилмаларида кучланиш вақтинча ўчирилиши мумкин. Бундай ҳолларда истеъмолчилар “ҳалқалаш” усули орқали бошқа тармоқлардан электр таъминоти билан таъминланади. Шу туфайли, кўп ҳолларда режали таъмирлаш ишлари истеъмолчилар томонидан сезилмайди. Айнан шундай жараёнларда ишга туширилган телеграм каналлар орқали истеъмолчиларнинг хабардорлиги оширилади. Маълумот ўрнида, электр таъминоти бўйича шартнома тузиш, электр энергиясини етказиб бериш, ҳисоб-китобларни юритиш, трансформаторлар ва симёғочлар ўрнатиш каби хизматлар “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ваколатига киради. Мазкур ташкилот маҳаллий тармоқларни ривожлантириш ва истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлаш учун масъул ҳисобланади, – деди “ЎзМЭТ” ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Урунов.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА
Манба: https://uza.uz/uz/posts/
‖ Facebook ‖ Инстаграм ‖ YouTube ‖
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати