2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
uza.uz — Электр тармоқларини назорат қилишда дрон технологиялари қўлланилмоқда
  • 23.06.2025
  • 33

Юртимиздаги иссиқ об-ҳаво шароити туфайли электр энергияси истеъмоли кескин ошган бир пайтда, магистрал электр тармоқлари ва юқори кучланишли подстанция ускуналари юқори юкламада ишламоқда.

Бундай шароитда тармоқларни мунтазам ва самарали назорат қилиш талаб этилади. “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти мутахассислари томонидан шу мақсадда замонавий учувчисиз учиш қурилмалари, яъни дронлардан самарали фойдаланилмоқда. 

Ушбу технология электр узатиш тармоқларининг мураккаб рельефли ҳудудларидан ўтувчи 35, 110, 220 ва 500 киловольтли линияларни масофадан туриб текшириш, назорат қилиш ва ҳолатини баҳолаш имконини беради. 

“ЎзМЭТ” АЖ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Урунов қайд этганидек, дронлар ёрдамида қисқа фурсатда назорат кўригини амалга ошириш, шунингдек, эҳтимолий авария ҳолатларида носозликлар сабабини аниқлаш мумкин. Шу билан бирга, мазкур қурилмалар техник-муҳандислик ҳамда лойиҳалаштириш ишларида ҳам кенг қўлланилмоқда. 

– Дрон технологиялари электр тармоқлари хавфсизлиги ва ишончлилигини таъминлашда жуда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, иссиқ кунларда юклама ошиши фонида носозлик хавфи ортиши мумкин. Дронлар нафақат тезкор текширув, балки инсон омилларини камайтириш, меҳнат хавфсизлигини ошириш, назорат жараёнини рақамлаштириш имконини ҳам беради. Бу нафақат аварияларнинг олдини олиш, балки иқтисодий йўқотишларни камайтиришга ҳам хизмат қилади. Маълумот ўрнида айтиш керак, 2022 йил 6 июлда “2022- 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” давлатимиз раҳбарининг қарори қабул қилинган. Унга кўра, иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари томонидан янги инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича устувор лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Шу талаб асосида магистрал электр тармоқлари фаолиятида дронлардан фойдаланиш амалиёти тажриба тариқасида жорий этилган, –деди У.Урунов. 

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ генерация жараёнида ишлаб чиқарилган электр энергиясини магистрал узатиш линиялари ва юқори кучланишли подстанциялар орқали тақсимловчи тармоқларга етказиш, шунингдек, электр энергиясини давлатлараро транзит қилиш фаолияти билан шуғулланади.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА

Манба: https://uza.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati