2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
Бугун, 24 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди
  • 24.06.2025
  • 9

Унда Энергетика вазирлиги ва вазирлик тизимидаги ташкилотларда фаолият юритаётган 200 нафардан ортиқ ёшлар, бир қатор олий таълим муассасаларининг талабалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Учрашувда Энергетика вазири барча ёшларни яқинлашиб келаётган 30-июн – “Ёшлар куни” билан табриклаб, сўнгги йилларда мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари бошчилигида барча соҳаларда ёшларнинг ролини ошириш, уларга имкониятлар, яхши шароитлар яратиб бериш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётганини алоҳида таъкидлади.

Бу борада қатор қонунлар ва қарорлар қабул қилинаётгани, соҳалар ривожида ёшларнинг ўрни ниҳоятда катта эканлиги қайд этилди.

Учрашувда тизимда ёшларга оид амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, бугунги кунда ёқилғи-энергетика тармоғида 100 мингдан зиёд ишчи-ходимлар фаолият юритади. Шундан 14 минг 274 нафари 30 ёшгача бўлган ходимларни ташкил этади.

Уларнинг 234 нафари, шу жумладан 17 нафар хотин-қизлар раҳбарлик, 2 минг 529 нафари мутахассис лавозимларида, 11 минг 511 нафари ишлаб чиқариш корхоналарида меҳнат фаолиятини юритиб келмоқда.

2024 йилда 700 нафар мутахассис олий ўқув юртини битирганидан кейин ишга қабул қилинган бўлса, 876 нафар йигит-қиз коллеж ва техникумни тамомлаб, ишга киргани, ёшларнинг соҳага бўлган қизиқиши кун сайин ортиб бораётганини англатади.

Ёш мутахассисларнинг тажриба орттиришини ташкил этиш мақсадида улар хориж мамлакатларига хизмат сафарларига ва таълим олиш учун нуфузли олий таълим муассасаларига юборилмоқда. 2024 йилнинг ўзида 388 нафар ходим хорижда тайёрлов ва қайта тайёрлов курсларида малака оширди.

Учрашувда, шунингдек, сўнгги йилларда хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда йирик қувватли иссиқлик, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича катта лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Бу ишлар, албатта, етарли эмаслиги, олдинда катта режалар тургани қайд этилди. Ёш ходимларга бундан ҳам кўпроқ эътибор қаратиш, уларнинг иқтидорларини намоён қилишлари учун етарли даражада шароитлар яратиб бериш кераклиги алоҳида таъкидланди.

Учрашувда талабалар ва ёш ходимлар ёқилғи-энергетика соҳасида олиб бораётган илмий ишлари ва тадқиқотлари, соҳада амалга оширилиши зарур бўлган инновацион ғоялар, турли муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари ҳақида сўз юритишди, ўзларининг қатор таклифларини билдирдилар.

Мулоқотда ёш мутахассислар ва талабаларнинг янги лойиҳалари, халқаро олимпиадалардаги иштирок, спорт комплекслари фаолиятини йўлга қўйиш каби ташаббуслари қўллаб-қувватланди.

Манба: https://gov.uz/uz/minenergy/news/view/63563

FacebookИнстаграмYouTube ‖ 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati