2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
Коррупцияга қарши курашиш
Ўзбекистон БРМ индексида 19 поғонага кўтарилди
  • 25.06.2025
  • 6

Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи (Sustainable Development Solutions Network — SDSN) томонидан 2025 йил учун тайёрланган навбатдаги ҳисоботга кўра, Ўзбекистон 73 балл тўплаб, 62-ўринни эгаллади.

Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 19 поғонага яхшиланиб, мамлакат Марказий Осиё ва Шарқий Европа минтақасида 2015 йилдан буён барқарор ривожланаётган давлат сифатида эътироф этилди.

Куни кеча мазкур ҳисоботнинг расмий онлайн тақдимоти бўлиб ўтди. Унда SDSN муассисларидан бири, Колумбия университети профессори Жеффри Сакс, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Обидхўжаев ҳамда бошқа нуфузли халқаро экспертлар иштирок этди.

Вазирлик ахборот хизматига кўра, ушбу тадбир давомида Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини ривожлантириш, рақамли ва “яшил” иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, статистик маълумотларни очиқлаш каби йўналишлардаги саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумотлар тақдим этилди.

Профессор Жеффри Сакс ўз нутқида барқарор ривожланишга эришишда сиёсий етакчилик ҳал қилувчи омил эканини таъкидлаб, Ўзбекистондаги муваффақиятларни “катта сиёсий ирода ва қатъий етакчилик натижаси” сифатида баҳолади. Шунингдек, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса, камбағалликни камайтириш соҳасидаги ютуқлар халқаро экспертлар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Ҳисоботда қайд этилганидек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган институционал ва таркибий ислоҳотлар мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги мавқеини сезиларли даражада яхшиламоқда. Барқарор ривожланиш соҳасидаги бундай илғор натижалар мамлакатнинг глобал миқёсдаги нуфузи ошишига хизмат қилмоқда.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади,

ЎзА

Манба: https://uza.uz/uz/posts/ozbekiston-brm-indeksida-19-pogonaga-kotarildi_733958

FacebookИнстаграмYouTube ‖ 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati