Мамлакатимизда энергетика тизимини барқарор ва замонавий асосларда ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Электр таъминотининг ишончлилигини таъминлаш, хавфсизлик даражасини ошириш ва фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида қатор йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Жумладан, магистрал электр тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳридаги муҳим подстанцияларда замонавий ускуналар жорий этилади.
Яқинда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ҳамда Хитой Халқ Республикасининг “Shandong Electrical Engineering & Equipment Group Co., Ltd.” компанияси ўртасида “Магистрал электр тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш” инвестицион лойиҳаси доирасида шартнома имзоланди. Мазкур ҳужжат ижроси Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан молиялаштирилаётган 2-Пакет, 2-Лот бўйича амалга оширилади.
Шартнома доирасида Тошкент шаҳрида жойлашган 220 киловольтли “Зафар” ва “Файзиобод” подстанциялари замонавий элегаз изоляцияли комплект тақсимловчи қурилма (КРУЭ) подстанцияларига айлантирилади. Ҳужжатга кўра, мазкур подстанцияларни лойиҳалаштириш, юқори технологияли ускуналарни етказиб бериш ва ўрнатиш (EPC) ишлари тўлиқ амалга оширилади.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ахборот хизмати маълумотига кўра, лойиҳа доирасида инсон омили таъсирини камайтириш, ташқи иқлим шароитларининг салбий таъсирини пасайтириш, эксплуатация ва техник хизмат кўрсатувчи ходимлар хавфсизлигини ошириш, подстанцияларнинг ишончли ишлашини таъминлаш, атроф-муҳитга бўлган салбий таъсирни камайтириш, замонавий эстетик кўринишни шакллантириш, иш фаолиятини оптималлаштириш ҳамда илғор технологиялар асосида ишлаб чиқарилган ускуналардан фойдаланиш белгиланган.
Таъкидлаш жоиз, Тошкент шаҳридаги “Зафар” ва “Файзиобод” подстанцияларининг КРУЭ турига ўтказилиши мамлакат энергетика тизимини янгилашда муҳим қадам ҳисобланади. Мазкур лойиҳа нафақат пойтахт аҳолисини электр энергияси билан барқарор таъминлаш, балки бутун энергетика инфратузилмасининг замонавийлашувига хизмат қилади. Шу орқали Ўзбекистонда электр таъминоти тизимининг хавфсиз, самарали ва экологик жиҳатдан барқарор фаолият юритишига замин яратилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА
Манба: https://uza.uz/uz/posts/
‖ Facebook ‖ Инстаграм ‖ YouTube ‖
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати