Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ, шунингдек, Осиё тараққиёт банки (ОТБ), Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) каби халқаро молия институтлари вакиллари иштирок этди. Тадбирда маҳаллий ва хорижий йирик компаниялар вакиллари ҳам фаол қатнашди.
Унда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Дадажон Исақулов, энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда энергетика соҳасини ривожлантириш, хусусан электр энергетика тармоғини такомиллаштиришга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, соҳада йирик инвестицион лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда. Мазкур халқаро анжуман доирасида давлат органлари, молия институтлари ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, электр энергетикаси соҳасидаги истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш механизмлари муҳокама қилинди.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Феруз Қурбонов айтиб ўтганидек, , Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган стратегик вазифалар ва “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 51 фоизга етказиш мақсад қилинган. 2024 йилда 3,5 гигаватт қувватга эга қайта тикланувчи манбалар асосидаги янги иншоотлар ишга туширилган бўлса, жорий йилда яна 5 гигаваттга яқин қувватдаги объектларни ишга тушириш режалаштирилган. Ушбу соҳани ривожлантиришда фақат молиявий ресурслар эмас, балки амалий ва технологик ёндашувлар ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Хусусан, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда йирик лойиҳаларни амалга ошириш, уларнинг ечим ва имкониятларидан фойдаланиш энергетика салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Анжуманнинг асосий мақсадларидан бири – 2030 йилгача талаб этиладиган 4,1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги инвестицияларни халқаро молия ташкилотлари билан муҳокама қилиш, уларнинг имкониятларини ўрганиш ва маҳаллий пудратчи корхоналар иштирокини кенгайтирган ҳолда молиявий манбаларни жалб этишдан иборатдир. Шунингдек, Тошкент шаҳридаги “Зафар” ва “Файзиобод” подстанцияларини замонавий ва тежамкор иншоотлар сифатида барпо этиш режалаштирилган. Мазкур тадбирда Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда мазкур лойиҳаларни амалга ошириш ишларига старт берилди, – деди Ф.Қурбонов.
Осиё тараққиёт банки вакили маълум қилганидек, ушбу молиявий ташкилот томонидан амалга оширилаётган натижага асосланган кредитлаш (RBL) дастурлари доирасида энергетика соҳаси устувор йўналиш сифатида белгиланган. Ушбу молиялаштириш механизми давлатга тегишли дастурларни қўллаб-қувватлаш, натижадорликни ошириш ва ҳисобдорликни мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, энергетикадан ташқари таълим, сув хўжалиги, шаҳарсозлик ва соғлиқни сақлаш соҳаларини ҳам қамраб олмоқда.
Бугунги кунда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ балансида 51 780,1 МВА тўла қувватга эга 35-110-220 ва 500 кВ кучланишли 1583 та подстанция ҳамда 37 211,4 км. узунликдаги 35-110-220 ва 500 кВ кучланишли магистрал электр узатиш тармоқлари мавжуд. Жамият марказий аппарати ва таркибидаги тузилма ҳамда филиалларда жами 7900 нафардан зиёд мутахассис-ходим фаолият олиб бормоқда.
– Ўзбекистонда энергетика соҳасини ислоҳ қилиш ва модернизация қилиш борасида жиддий қадамлар қўйилмоқда. Биз хорижий шериклар билан қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдормиз, – деди тадбир иштирокчиси Адҳам Акрамхўжаев.
Анжуман якунида иштирокчилар мамлакатимиз энергетика барқарорлигини таъминлашда инвестиция жозибадорлигини ошириш, маҳаллий ва хорижий корхоналар ҳамкорлигини мустаҳкамлашга келишиб олди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
‖ Facebook ‖ Instagram ‖ YouTube ‖
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
http://t.me/uzmetaxborotxizmati