2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
Д.А.Исақулов: «Жорий йил якунига бориб мамлакатимизда умумий қуввати 7,0 ГВт бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларини ишга тушириш кутилмоқда»
  • 24.07.2025
  • 60

 

 

Ассалому алайкум, ҳурматли тадбир қатнашчилари!

Бугунги кунда республикамизда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича улкан ишлар олиб борилмоқда. Бунинг натижасида жорий йил якунига бориб мамлакатимизда умумий қуввати 7,0 ГВт бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларини ишга тушириш кутилмоқда.

2030 йилга бориб қайта тикланадиган энергия манбалари қуввати 25,4 ГВтга етказиш режалаштирилган.

Юқорида қайд этилган мақсадларга эришиш ва янги электр станцияларини энергетика тизимига самарали тарзда интеграция қилиш ҳамда электр энергияси таъминоти сифатини ошириш учун учун магистрал электр тармоқлари ва подстанцияларни ривожлантириш талаб этилади.

Ҳозирда «Ўзбекистон МЭТ» АЖ таркибида 14 та ҳудудий магистрал электр тармоқлари, марказий реле ҳимояси ва автоматика хизмати, лойиҳалаштирувчи, қурилиш ва бошқа хизматлар кўрсатувчи функционал филиаллар мавжуд. Акциядорлик жамияти балансида 51 780,1 МВА тўла қувватга эга 35–110–220 ва 500 кВ кучланишли 1583 та подстанция ҳамда 37211,4 км узунликдаги 35–110–220 ва 500 кВ кучланишли магистрал электр узатиш тармоқлари мавжуд.

Яқинда Вазирлар Маҳкамасининг 844-сонли қарорига мувофиқ, 2025 йил 1 июндан бошлаб, 35-110 кВ кучланишли 1 842 та подстанция ва 29 124 км узунликдаги электр узатиш линиялари “Ўзбекистон МЭТ” АЖга ўтказилди.

2025 йилда давлат кафолати остидаги хорижий кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган 7 та лойиҳа доирасида жами 251,3 млн доллар ўзлаштириш белгиланган.

Халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланиши натижасида кредит маблағларини ўзлаштириш даражаси 2025 йилга келиб, 2021 йилга нисбатан қарийб 5 баробарга оширишга эришилган.

2030 йилга қадар магистрал электр тармоқлари ва подстанцияларини ривожлантириш ҳамда янги электр станцияларини энергетика тизимига интеграция қилиш мақсадида умумий қиймати 4,1 млрд долларни ташкил этувчи 119 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва қурувчи компанияларнинг бугунги кундаги салоҳиятини инобатга олган ҳолда, ушбу лойиҳалар доирасида уларнинг иштирокини ошириш мақсабга мувофиқ ҳисобланади.

Тошкент шаҳрида жойлашган 220 кВли “Зафар” подстанцияси 1984 йилда ва “Файзобод” подстанцияси 1993 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, бугунги кундаги талабдан келиб чиққан ҳолда ушбу подстанциялар модернизация ва қувватини ошириш талаб этилади.

Шу мақсадда ушбу подстанциялар модернизация дастурига киритилган ва замонавий янги технологиялар асосида элекгазли ёпиқ тақсимлаш қурилмалари (КРУЭ) ўрнатиш режалаштирилган. Ушбу ишларни амалга ошириш учун халқаро тендер савдолари натижаларига кўра Хитойнинг “Shandong Electrical Engineering & Equipment Group Co., Ltd.” компанияси ғолиб деб топилди. Бугун сизлар билан биргаликда ушбу ишларга старт бериш режалаштирилган.

Дадажон Исақулов, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқаруви раиси