Ҳамкорларимиз даврасида
Ҳаёт йўлларидаги ҳамроҳларинг фикрда, фаолиятда ўзингга тенг ёки сендан кўра билим, тажриба доираси кўпроқ бўлса, ютуғинг. Чунки ўзаро учрашув, суҳбатларда фикрий озуқа оласан. Шу маънода “Саодат” журналининг ҳамкори ҳисобланган “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти вакиллари таклиф этган йиғинларга ошиқиб борамиз.
– Жамиятимиз бошқаруви раиси Дадажон Исақулов тизимимиздаги ёшлар билан учрашмоқчи. Ўйлаймизки, бу учрашув сиз учун ҳам қизиқарли бўлади, – навбатдаги шу тарздаги таклифдан сўнг биз – бир гуруҳ журнал ходимлари Акциядорлик жамиятнинг мажлислар залига белгиланган вақтда етиб бордик. Чунки ҳаётимизнинг нурли бир жабҳасига етакчилик қилаётган бу инсоннинг сўзларини аввал ҳам эшитганмиз. Очиқ чеҳраси, ходимлари билан самимий муносабати, ўз соҳасини чуқур билиши, касбига садоқати билан ҳурматимизни қозонган. Залда бирорта бўш ўрин йўқ: деярли ҳаммаси – ёшлар.
Сўз аввалида Дадажон Айнақулович ўзи раҳбарлик қилаётган тизимдаги янгиликлар, жамиятда ёшларга яратилаётган шароитлар ҳақида батафсил ҳикоя қилди.
– Мамлакатимизда электр энергияга бўлган эҳтиёжнинг тобора ошиб бораётгани боис қўшимча манбалар – қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланаётганимиз сизларга маълум. Лекин биз табиатни маълум маънода тизгинлаётганимиз билан унинг ўз яшаш тарзи бор. Қуёш куннинг маълум вақтларида ботади. Шамолнинг ҳам йўллари, шиддатли ва сокин пайтлари бўлади. Шу маънода биз яна ва яна сизларнинг ақл-у заковатингиздан умид қиламиз. Техника соҳасида сиз эгаллаётган билимлар, сиз учун давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлар ишонамизки, янги кашфиётларга йўл очади.
Ташкилот раҳбари маърузасини шундай кўтаринки руҳда якунлар экан, савол-жавобларга навбат берилди. Маълум бўлишича, иштирокчиларнинг аксарияти нурчилар сулоласининг бугунги авлодига мансуб ёшлар экан. Яъни уларнинг боболари, оталари, баъзиларининг оналари ҳам шу тизимда меҳнат қилган ва эстафетани фарзанди, набирасига топширган.
Раҳбар йигит-қизларнинг дадил, аниқ саволларига жавоб берар экан:
– Мақсадингиздаги марраларга етиш учун билим, тажриба, албатта, керак. Лекин касбингизнинг пири, устаси бўлишга интилишингиз сиз учун асосий мақсад бўлиши зарур. Мана мен узоқ йиллардан буён шу тизимда ишлар эканман, сизларнинг моҳир ота-боболарингиздан ташқари, иш жойимизни покиза тутадиган, ўз вазифасини виждонан адо этадиган фаррошлар, қўриқлаш хизмати ходимларининг ҳам алоҳида меҳнатларини тилга олишим мумкин. Сиз ҳам ўз касбингизга содиқ бўлсангиз шундай қадр топасиз, – деган ибратли фикрлари ёшлар кўнглидан жой олди.
Биз баланд руҳда ўтган анжуман якунида шеърларимиздан ўқидик. Ҳамкор сифатидаги доимий эътиборлари учун миннатдорлик билдирдик. Улар орасидаги ёш дўстларимизнинг чақноқ кўзларида келажак йўлларини ёритувчи нур, ёғду кўриб суюндик. Замонлар ўтади. Тараққиёт янги кашфиётларга йўл очади. Инсоният учун манфаатли барча яратиқлардан фахрланамиз. Аммо биз учун ўзаро мулоқотлардаги самимийлик, камтарлик бошқа барча ҳиссиётлардан азиз ва қадрли бўлиб қолаверади.
Феруза Орипова
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати