2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
uza.uz — Энергетика тизимининг молия-иқтисод йўналиши мутахассислари Қозоғистонда малака оширди
  • 12.08.2025
  • 9

Мамлакатимиз энергетика тизимида мутахассислар малакаси ва билимларини ошириш йўлида халқаро ҳамкорлик изчил кенгаймоқда. Бу жараён доирасида молия-иқтисод йўналишида фаолият юритаётган кадрлар учун хорижий давлатларда илғор тажрибалар ҳамда замонавий билимларга асосланган ўқув-семинар ва тренинглар ташкил этилаётир.

Ушбу ташаббуслар соҳадаги ислоҳотларни самарали амалга ошириш, мутахассислар салоҳиятини ошириш ва энергетика тармоғининг барқарор ривожланишига хизмат қилади.

Бугун Қозоғистон Республикасида ўтказилган навбатдаги ҳафталик ўқув-семинар якунланди. “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ходими Парда Хидиров мазкур тадбир ҳақида қуйидагиларни маълум қилди:

– Қозоғистондаги тренингларда биз молия-иқтисод соҳасидаги илғор менежмент усуллари, энергия самарадорлигини ошириш стратегиялари ҳамда халқаро ҳисобот стандартларини чуқур ўргандик. Бу ерда нафақат назарий билимлар, балки амалий машғулотлар ҳам ташкил этилган бўлиб, улар орқали мамлакатимизда қўллаш мумкин бўлган янги ечимлар ва тажрибаларни ўзлаштирдик.

Шунингдек, турли мамлакатлардан келган мутахассислар билан фикр алмашиш ва қўшма лойиҳалар имкониятларини муҳокама қилиш имконияти ҳам яратилди. Бу келгусида энергетика соҳасида халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.

Энергетика тизими корхоналарида фаолият юритаётган молия-иқтисод йўналишидаги мутахассислар учун илк малака ошириш курслари Озарбайжон Республикасида “PricewaterhouseCoopers” компанияси томонидан ўқув-семинар дастурлари асосида ташкил этилган эди.

Бу галги ўқув-тренингларда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг 5 нафар  ходими қатнашди. Шу билан бирга, соҳа фаолиятини, билим ва кўникмаларни тарғиб қилиш ва ёш авлодда тўғри истеъмол маданиятини шакллантириш мақсадида ташкилотимиз мутахассислари турли ўқув муассасаларида маҳорат дарсларини ташкил этаяпти. Бу дарсларда энергетика соҳасидаги ислоҳотлар, эришилган ютуқлар, мавжуд муаммолар ва истиқболдаги режалар ҳақида маълумотлар берилади.

Аҳамиятлиси шундаки, жамиятнинг расмий веб-сайтида “Тармоқ илмий-техник кенгаши” номли махсус рукн фаолият юритиб, унда соҳадаги янгиликлар ва хабарлар мунтазам эълон қилиб борилади.

Ўйлайманки, мазкур ўқув ҳафталиги йўналишимиз бўйича халқаро тажрибаларни ўрганиш ва уларни амалиётга татбиқ этишда муҳим омил бўлади.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА

Манба: https://uza.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

http://t.me/uzmetaxborotxizmati