Жамият ахборот хизматининг маълум қилишича, учрашувда томонлар ҳамкорлик истиқболлари хусусида сўз юритди. Хусусан, Ўзбекистоннинг энергетика тизимида, айниқса, электр тармоқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, мамлакатда ривожланаётган “яшил иқтисодиёт” дастури ва унда инвестицияларни жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Сяохун Ян хоним ўз сўзида Ўзбекистондаги энергетика секторида амалга оширилаётган ўзгаришларни юқори баҳолаб, ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканлигини билдирди.
Мулоқот чоғида Дадажон Исақулов акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилаётган муҳим инвестиция лойиҳалари ва халқаро молия институтлари кўмагида эришилган натижалар ҳақида атрофлича маълумот берди. Шунингдек, у Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва AIIB ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик доирасида энергетика соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Учрашув давомида томонлар инвестиция лойиҳаларига оид тақдимотлар ўтказишди, жумладан, истиқболда амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар, уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти ва экологияга таъсири ҳақида фикр алмашилди.
Томонлар мулоқот якунида қайд этганидек, ушбу учрашув ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва янги инвестиция имкониятларини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА
Манба: https://uza.uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати