Жорий йилнинг 17 август куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматилла Иргашев Қобул шаҳрида Афғонистон Бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Мулла Абдул Ғани Бародар билан учрашув ўтказди.
Унда шунингдек, Ўзбекистон ёқилғи-энергетика компаниялари раҳбарияти ва масъул ходимлари, Афғонистон Тоғ-кон саноати ва нефть вазири вазифасини бажарувчи Ҳидоятулла Бадрий, Энергетика ва сув хўжалиги вазири вазифасини бажарувчи Абдул Латиф Мансур, Давлат корпорациялари ташкилоти бош директори Аҳмад Жан Аҳмадий, DABS компанияси бош директори Абдул Бори Умар иштирок этди.
Учрашувда жорий йилнинг 3 июль куни Озарбайжон Республикасининг Хонкенди шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мулла Абдул Ғани Бародар ўртасида бўлиб ўтган учрашув алоҳида аҳамият касб этгани қайд этилди. Мазкур мулоқотда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш ва қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани, бу эса, ўз навбатида, муносабатларнинг янги босқичга кўтарилиши ҳамда стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Учрашувда Ўзбекистон – Афғонистон энергетика компаниялари ўртасида тўртта йирик лойиҳани амалга ошириш бўйича шартномалар имзоланди.
Хусусан:
1. 500 кВли «Сурхон–Пули-Хумри» электр узатиш тармоғини 200,6 км масофада қуриш ва «Хўжа-Алвон» подстанциясини кенгайтириш;
2. «Арғанда» подстанциясини 500/220 кВгача кенгайтириш ва қувватини 800 МВАгача ошириш;
3. «Бутхак» (Қобул) подстанциясидан “Шайх Мисри” (Нангархар) подстанциясигача 125 км узунликдаги 220 кВли янги икки занжирли электр узатиш тармоғини қуриш;
4. “Шайх Мисри” (Нангархар) 220 кВли подстанциясини 2х25 МВА ва 2х40 МВА қувватда қуриш.
Томонлар ушбу лойиҳаларнинг қурилиш ишларини жорий йилнинг 6-7 сентябрь кунлари Кобул шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро энергетика конференцияси доирасида бошлашга келишиб олдилар.
Лойиҳалар 2027 йилнинг биринчи чорагига қадар амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бу Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида электр энергетика соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада яхшилашга хизмат қилади.
Лойиҳа доирасидаги барча жараёнлар юқори сифатда ва ўз вақтида амалга оширилиши ҳамда қурилиш ишларида маҳаллий ресурслардан максимал даражада фойдаланилиши таъкидланди. Шунингдек, энергетика тармоқларини модернизация қилиш, ҳисоб-китоб тизимларини рақамлаштириш ва малакали кадрлар тайёрлаш соҳаларида ҳам ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш билдирилди.
Манба: https://t.me/minenergy_uz/17407
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати