2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
Электр таъминоти барқарорлиги учун барча куч ва ресурслар сафарбар этилган
  • 25.08.2025
  • 50

Ватан учун, миллат учун, халқ учун!

Мамлакатимизда энергетика тизимини модернизация қилиш, янги қувватларни яратиш ва “яшил энергия” манбаларини жорий этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бунда иқтисодий ўсиш суръатлари ва аҳолининг ортиб бораётган эҳтиёжлари барқарор ва узлуксиз электр таъминотини талаб этади.

Сўнгги кунларда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан қатор йирик инвестиция лойиҳалари қаторида мавжуд подстанцияларнинг қувватини оширишга қаратилган модернизация-реконструкция ҳамда уларнинг барқарор фаолияти учун зарур таъмирлаш-созлаш ишлари олиб борилмоқда. 

Акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг маслаҳатчиси - ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Урунов билан суҳбатимиз шу мавзу хусусида бўлди.

– Суҳбатимиз аввалида энергетика соҳасида, хусусан, электр энергетика тармоғидаги янгиликлар, ижобий ўзгаришлар, ечимини кутаётган муаммолар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсангиз.

– Бугунги кунда республикамиз энергетика соҳаси, шу жумладан, электр энергетика тармоғида бундан қарийб 8 йил олдин бошланган улкан ислоҳотлар қизғин давом этмоқда. Ўнлаб инвестицион лойиҳаларнинг иқтисодиётимиздаги самараси эвазига энергия ресурсларини ишлаб чиқариш, етказиб бериш/узатиш ҳамда тақсимлаш қувватлари қамрови кенгайиб борди.

Биргина мисол, юртимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича олиб борилган улкан ишлар натижасида жорий йил якунига бориб мамлакатимизда умумий қуввати 7,0 ГВт бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларини ишга тушириш кутилмоқда. 2030 йилга бориб қайта тикланадиган энергия манбалари қуввати 25,4 ГВтга етказиш режалаштирилган.

Амалга оширилган ва оширилаётган ишларнинг экологик муҳитга салбий таъсири камайиб бораётгани халқаро майдонда эътироф этилмоқда. Инвестиция лойиҳалари ортидан дунё тажрибаси, рақамли технологияларнинг соҳага кириб келиши биз учун муҳим тажриба бўлаётгани рост. Сўнгги йилларда генерация қувватларига ёқилғи етишмаслиги билан боғлиқ мавжуд муаммога тўлиқ барҳам берилгани таҳсинга лойиқ натижа бўлди. Умумий генерация таркибида “яшил манбалар” салмоғи 20 фоизга етиб, бу кўрсаткич 2030 йилга бориб 50 фоиздан ошиши учун ташланган қадамлар соҳадаги улкан ютуқ, ислоҳотлар самараси, деб биламан. Аммо ҳали қилинадиган ишлар, ечимини кутаётган муаммолар мавжуд. Узатиш ва тақсимлаш тармоқларини ривожлантириш, мавжудларини янгилаш, замонавий ишланмалар ҳисобига кам ресурс сарфлаб, юқори натижага эришиш лозим. Бундан ташқари, ўсиб келаётган ёш кадрлар билим-салоҳиятини юксалтириш, уларнинг базавий билимларини ҳам назарий, ҳам амалий кўникмалар билан бойитиб бориш, бунинг учун ўзига хос ўқув-амалиёт полигонлари ҳамда техник лабораториялар керак.

– Энди бевосита ўзингиз меҳнат фаолияти олиб бораётган юқори кучланишли подстанция ва магистрал электр тармоқларида қандай имкониятлар яратилмоқда?

– Жорий йил биринчи ярим йиллиги якунига қадар “Ўзбекистон МЭТ” АЖ таркибида 220 ва 500 кВ кучланишли 91 та подстанция ҳамда 12858,7 километр узунликдаги 220 ва 500 кВ кучланишли магистрал электр узатиш тармоқлари мавжуд эди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, 2025 йил 1 июндан бошлаб, 35-110 кВ кучланишли 1 492 та подстанция ва 24 385,7 километр узунликдаги электр узатиш линиялари ташкилотимиз балансига ўтказилди.

Бугунги кунда Акциядорлик жамияти балансида 51 780,1 МВА тўла қувватга эга 35-110-220 ва 500 кВ кучланишли 1583 та подстанция ҳамда 37211,4 километр узунликдаги магистрал электр узатиш тармоқлари мавжуд. “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти марказий аппарати ва таркибидаги тузилма ҳамда филиалларда жами бўлиб 7900 нафардан зиёд мутахассис-ходим меҳнат фаолияти олиб бормоқда.

Бу каби ўзгаришлар нафақат имкониятларни кенгайтиради, балки масъулиятни ҳам оширади.

–  “Ўзбекистон МЭТ” АЖ балансига қабул қилинган энергетика объектлари, уларнинг техник ҳолати ва мавсумга тайёргарлик ишлари қандай ташкил этиляпти?

– Турдош ташкилот – “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятидан қабул қилинган подстанцияларнинг техник-муҳандислик ҳолатидан келиб чиққан ҳолда, мутахассисларимиз шартли равишда, “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратишди ҳамда айни кунларда биринчи галдаги тезкор вазифалар амалга оширилмоқда. Яъни, “қизил тоифадаги” жисмонан эскирган 187 та подстанциясида фойдаланиш муддатини аллақачонлар ўтаб бўлган эски русумдаги электр жиҳози ва ускуналари янгисига алмаштирилмоқда.

Йиллар давомида ўта юклама билан ишлаб келган подстанциялар ва уларга кирувчи-чиқувчи тармоқларда модернизация-реконструкция ва демонтаж-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Аниқроғи, кам қувватли трансформаторлар ўрнига юқори қувватлилари ўрнатилиб, линиялар жорий ва мукаммал таъмирланяпти.

Шунингдек, “сариқ тоифа”даги 1115 та подстанцияда таъмирлаш-созлаш ишлари олиб борилмоқда. “Яшил” тоифадаги 190 та подстанциянинг техник имкониятлари таҳлил қилиниб, уларнинг қувватини ошириш истеъмол ҳажмининг ошиб боришига қараб истиқболдаги режаларга киритилган.

– Айнан нега бундай ранг тоифаларига ажратилганини изоҳлаб бера оласизми?

– Албатта. Энг аввал подстанцияда мавжуд трансформаторларнинг юкламаси, улардаги ёғ ҳажми ва таркиби, ҳимоя тизимининг созлиги, очиқ ва ёпиқ тақсимлаш қурилмаларидаги жиҳозларнинг техник ҳолати, заруриятга кўра (диспетчер буйруғига биноан) ўчириб-ёқиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган турли носозликлар, қолаверса, подстанцияларнинг атрофи ўралганлиги (хавфсизлик талаби), маъмурий ва диспетчерлик биноларининг эксплуатацияга яроқлилиги, аккумулятор захираси, навбатчи мутахассислар учун яратилган меҳнат шароитлари ва бошқа ўнлаб шундай кўрсаткичлар эътиборга олинган. 

Мутахассислар томонидан 0,4 - 6, 10 кВ кучланишли электр ҳисоблагичлар ҳамда ток трансформаторлари, 6 ва 10 кВ кучланишли трансформаторлар, 35 ва 110 кВ кучланишли турли қувватдаги куч трансформаторлари харид қилиниб, техник-муҳандислик талаблари меъёрий ҳолатга келтирилмоқда. 

Қисқа қилиб айтганда, эскирган ускуналар кўп, уларни босқичма-босқич янгилаб-таъмирлаб, 2025/2026 йил куз-қиш мавсумига тайёрлаяпмиз.

– Ижтимоий тармоқ саҳифаларида жуда кўп бор танқид қилинган “Сағбон” ва “Қизғалдоқ” подстанцияларидаги муаммолар қандай ечим топмоқда?

– Бу масалага Тизим хизматлари бош бошқармасининг расмий изоҳи веб-сайтимиз саҳифаларида эълон қилинди. Тошкент вилояти Тошкент туманидаги “Кўк сарой” МФЙ ҳудудидаги истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлайдиган 35/10 кВ кучланишли “Боғзор” подстанцияси 1976 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, мазкур энергетика объектини электр энергияси билан таъминловчи 35 кВ кучланишли “Боғзор-1” ва “Боғзор-2” электр узатиш тармоқлари 110/35/6 кВ кучланишли “Соғбон” подстанциясидан чиқувчи линия ҳисобланади.

“Тошкент магистрал электр тармоқлари” филиали балансидаги “Сағбон” подстанцияси 2025 йил бошидан буён модернизация ва реконструкция қилинаётгани сабабли, 2 та линия ҳам вақтинча подстанциянинг битта Т-2 трансформаторига уланиб қолган. “Боғзор-1” ва “Боғзор-2” электр узатиш тармоқлари узоқ йиллардан буён эксплуатацияда экани ва техник-муҳандислик талабларига нисбатан эскиргани (фойдаланиш муддатини ўтаб бўлганлиги) сабабли жорий йил бошидан ушбу тармоқда бир неча бор қисқа туташувлар содир бўлди. Натижада ушбу тармоққа уланган истеъмолчилар электр таъминотида узилишлар кузатилди.

Бундан ташқари, ушбу ҳудудда аҳоли ва ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар кескин кўпайгани туфайли электр энергияси истеъмол ҳажми ошиб борган. Айнан шу муаммони ижобий ҳал этиш учун “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ буюртмасига биноан 110/35/10 кВ кучланишли “Қизғалдоқ” подстанциясида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилган. Энди бу ишлар бизнинг ташкилот мутахассислари томонидан давом эттирилмоқда.

Хуллас, бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар мазкур ҳудуддаги электр истеъмол ҳажмининг ошишига мувофиқ тарзда йиллар давомида ҳал этилмаган муаммоларни бартараф этиш ва 2025/2026 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида бажарилмоқда.

Бугунги кунда энергетика тизим ташкилотлари томонидан электр таъминоти барқарорлиги учун барча куч ва ресурслар сафарбар этилган. Хусусан “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти балансидаги энергетика объектлари генерация жараёнида ҳосил бўлган электр энергиясини тақсимловчи тармоқларга етказиб бериш бўйича 24/7 режимида иш ташкил қилинган.

Йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларнинг сони ва кўлами камайиб боришига эришяпмиз. Насиб этса, мамлакатимиз иқтисодиётига пойдевор бўлаётган энергетика тизимида том маънодаги барқарорликка эришамиз.

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева суҳбатлашди.

Манба: https://uza.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

http://t.me/uzmetaxborotxizmati