2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
Мустақиллик – бетакрор ва беқиёс қадрият
  • 31.08.2025
  • 17

Ватан учун, миллат учун, халқ учун!

Тарихий саналар миллатлар тақдири ва авлодлар хотирасида абадий сақланадиган улуғ қимматлардир. Шулар қаторида, мустақиллик халқимиз учун муқаддас, бетакрор ва беқиёс қадрият сифатида жонажон Ватанимиз тарихида алоҳида ўрин эгаллайди. Бу байрам ҳар йили юртимизда юксак ғурур ва ифтихор, қувонч ва шукроналик туйғулари билан нишонланади.

Истиқлол - эркинлик ва озодлик тимсоли, тинчлик ва фаровонлик рамзи, юртимизнинг янги тараққиёт босқичига қадам қўйганини англатувчи улуғ сана ҳисобланади.

Байрам - халқимиз қувончи

Бугун кўп миллатли халқимиз Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллик қутлуғ байрамини нишонламоқда. Бу сана нафақат мустақил давлатимиз тарихи, балки юртимизнинг равнақли келажаги учун ҳам катта маънавий-маърифий аҳамиятга эга.

Азал-азалдан меҳнатсеварлиги, ободончилик ва бунёдкорлик фазилатлари билан шуҳрат қозонган халқимиз бу улуғ байрамни муносиб меҳнат зафарлари, юксак ютуқ ва ғалабалар билан қарши олмоқда. Мамлакатимиз ҳудудларида замонавий корхоналар, уй-жойлар, илм-фан, таълим, тиббиёт, маданият ва спорт иншоотлари, равон йўл ва кўприклар, боғ-роғ ҳамда хиёбонлар барпо этилмоқда.

Энергетикада ислоҳотлар самараси

Айниқса, энергетика соҳаси, хусусан, электр энергетика тармоғида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Турмуш фаровонлиги ва демографик ўсиш суръатлари ортиб борар экан, аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлаш, истеъмолчилар эҳтиёжини тўлиқ қондириш - энергетиклар зиммасидаги энг муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Халқимиз турмуш даражасини юксалтириш, ҳаёт сифати ва фаровонлигини янада яхшилашга қаратилган йирик лойиҳаларнинг изчил амалга оширилаётгани эса энергетика тармоғи жамоасининг олий мақсади ва бурчидир.

Янги марралар сари

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мустақиллик йилларида қўлга киритилган ютуқ ва муваффақиятлар биз учун янги марралар сари етакловчи куч. Юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси барча соҳаларда, жумладан, энергетика тармоғида ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Истиқлол туҳфаларини асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга муносиб мерос қолдириш эса ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Шу улуғ айёмда ўзим ва кўпсонли жамоамиз номидан барчангизни истиқлолимизнинг 34 йиллик шодиёнаси билан самимий муборакбод этаман. Юртимиз тинч-осуда, халқимиз омон бўлсин. Касбимиздан файз-барака, оилаларимиздан бахт-саодат аримасин. Келажак авлодлар учун Ватанимиз равнақи йўлида бир тану бир жон бўлиб ҳисса қўшайлик!

Дадажон Исақулов,

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ

бошқаруви раиси.

ЎзА.