Ишчи тартибдаги масалаларга бағишланган дастлабки йиғилишда Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан энергетика ташкилотлари мутахассислари иштирок этишди. Россия Федерациясининг энергетика ташкилотлари вакиллари эса тадбирда кузатувчи сифатида қатнашди.
Қирғиз Республикасининг “Миллий электр тармоқлари” компанияси мезбонлик қилаётган мазкур тадбирда 2025/2026 йил куз-қиш мавсумида Марказий Осиё электр энергетика ҳалқа тизимида электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш масалалари муҳокамасига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, каскадли ўчишларнинг олдини олиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини тармоққа улаш ва уларни самарали эксплуатация қилиш йўллари, 2025 йил вегетация даври якунлари ҳамда 2026 йил мавсумида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Тадбирнинг биринчи кунида Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг 46-йиғилиши ҳам ўз ишини бошлади. Унда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти мутахассислари ҳам иштирок этди.
Йиғилишда "Ўзбекистон МЭТ" АЖ Тизим хизматлари бош бошқармаси бошлиғи Зафар Жўраев қайд этганидек, мазкур мулоқот минтақадаги давлатлар учун фақат техник ёки соҳавий масалаларни ҳал этиш майдони бўлиб қолмасдан, балки стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш имкониятини ҳам яратади. Марказий Осиё мамлакатлари ўзаро қўллаб-қувватлаш ва тажриба алмашиш натижасида умумий энергетик хавфсизликни таъминлаш, барқарор тараққиётга хизмат қилувчи янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятига эга бўлади.
Жамият ахборот хизматига кўра, халқаро тадбир бугун ҳам ўз ишини давом эттиради. Унда Марказий Осиё давлатлари электр энергетика компаниялари ҳамда миллий диспетчерлик марказлари раҳбарлари навбатдаги йиғилиш дастури доирасидаги масалаларни муҳокама қилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА
Manba: https://uza.uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
http://t.me/uzmetaxborotxizmati