Минтақадаги электр энергетика тизимини самарали бошқариш, турдош тармоқларни бирлаштириш ҳамда электр энергияси таъминотида барқарорликни таъминлаш мақсадида мунтазам учрашувлар ўтказиб келинмоқда. Шу жараённинг мантиқий давоми сифатида жорий йил 4-5 сентябрь кунлари Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида Марказий Осиё электр энергетика мувофиқлаштирувчи кенгашининг 44-йиғилиши ҳамда мувофиқлаштирувчи комиссиясининг 46-йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан энергетика ташкилотлари масъуллари, мутахассислар иштирок этди. Россия Федерациясининг энергетика ташкилотлари вакиллари эса тадбирда кузатувчи сифатида қатнашди.
Тадбирда энергетика хавфсизлигини таъминлаш, ягона электр бозорини шакллантириш, қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш ва трансчегаравий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Дадажон Исақулов мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар ва устувор йўналишларга тўхталиб, электр энергетика тармоғидаги янгиланишлар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берди.
Унинг таъкидлашича, янги электр станцияларни қуриш, мавжуд қувватларни реконструкция қилиш ва қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш ишлари нафақат миллий тизим, балки бутун Марказий Осиёда барқарорликка хизмат қилади. Шу билан бирга, у минтақадаги давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.
Жамият ахборот хизматига кўра, Чўлпон-Отада ўтган мазкур йиғилиш Марказий Осиё мамлакатларининг энергетика соҳасидаги ҳамжиҳатлигини кучайтириш йўлида муҳим қадам бўлди.
Минтақавий энергетика тизимини ривожлантириш ва умумий манфаатларга хизмат қиладиган қўшма ташаббусларни амалга ошириш келгуси даврда барқарор тараққиётнинг асосий омили бўлиб қолиши аниқ.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА
Манба: https://uza.uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати