Ёш муҳандисларнинг малакасини ошириш ва соҳадаги муаммоларга амалий ечим топиш мақсадида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятида турли форматда учрашувлар ташкил этилмоқда. Бу жараён ёш кадрларнинг назарий ва амалий билимларини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг фикрларини эшитиш учун муҳим платформа вазифасини бажаради.
Шунга асосан жамият бошқаруви раиси Дадажон Исақуловнинг навбатдаги “Раҳбар ва ёшлар” форматдаги учрашуви Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтди.
Вилоятнинг ёш муҳандислари иштирок этган ушбу учрашувда мамлакатимизда электр энергетика тармоғининг генерация қувватлари, магистрал электр тармоқлари ва подстанцияларга оид модернизация-реконструкция лойиҳалари, қурилиш-монтаж ҳамда таъмирлаш-созлаш ишлари, тақсимловчи тармоқлардаги муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама этилди.
Шунингдек, актив ва реактив қувват, диспетчерлик марказларининг фаолияти, физика ва механика фанлари, соҳавий адабиётлар, малака ошириш курслари, қайта тайёрлов марказлари ҳамда хорижий тажриба ва инновацион ишланмаларни жорий этиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Дадажон Исақулов ёшларга мурожаат қилиб, энергетика соҳаси мамлакат тараққиётида устувор йўналиш эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ёш муҳандислар доимий равишда изланишда бўлиб, замонавий билим ва тажрибаларни ўзлаштиришлари зарур.
– Сизларнинг саъй-ҳаракатларингиз нафақат соҳанинг, балки бутун юртимиз тараққиётига хизмат қилади. Шу боис биз ҳар доим ёш кадрларнинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Бу жараёнда ёш кадрлар фақат изланишда бўлиб, соҳасининг етук мутахассиси бўлиши учун ўз олдида катта мақсад қўйиши лозим, – деди у.
Жамият ахборот хизматига кўра, учрашув давомида қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш мавзуси ҳам ёш муҳандислар эътибор марказида бўлди. Қизиқарли ва савол-жавобларга бой бўлган ушбу тадбир якунида меҳнат ва таҳсилда юқори натижаларга эришган ёшлар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА
Манба: https://uza.uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати