Энергетика вазирлигида куз-қиш мавсумида ёқилғи-энергетика соҳаси объектларининг барқарор ишлаши, аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа муассасалари ҳамда иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Видеоселектор шаклида ўтган йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси, Энергетика вазирлиги, Бош прокуратура, тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек, вилоят ҳокимликлари мутасаддилари иштирок этди.
Йиғилишда асосий мақсад — куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини (соғлиқни сақлаш муассасалари, таълим тизими бинолари, иссиқлик электр станциялари ва бошқалар) энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш эканлиги таъкидланди. Шу билан бирга, корхоналар томонидан амалга оширилаётган ишларнинг ҳозирги ҳолати танқидий муҳокама қилинди.
Масъулларга ишлаб чиқариш ва етказиб бериш объектларининг ишончли фаолиятини таъминлаш, энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш ишларини жадаллаштириш вазифаси топширилди.
Энергетика вазирлиги ва тизим корхоналарида куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида 24/7 режимида навбатчилик ташкил этилган. Ҳудудларда авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ва уларни тезкор бартараф этиш учун махсус бригадалар тузилиб, улар зарур техника, захира материаллари ва ҳимоя воситалари билан таъминланган.
Шунингдек, барча объектлар 24/7 иш режимига ўтказилгани, ишчи гуруҳлар эса жойларда амалга оширилаётган ишларни мунтазам назорат қилиб бораётгани таъкидланди.
Манба: https://t.me/minenergy_uz/17772
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати