“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти таркибий тузилмаси жами 17 та, шундан 14 та магистрал электр тармоқлари, «Энергомахсусавто», «Energo-IT» ҳамда «Магистралтармоққурилиш» филиалларидан иборат.
Бугунги кунда акциядорлик жамияти тасарруфида узунлиги 36 минг 877 километрли 35-110-220 ва 500 киловолт кучланишли электр тармоқлари, умумий қуввати 51 минг 630 мегаволт-ампер бўлган 1 минг 583 та подстанция мавжуд.
Таъкидлаш керакки, 2025 йил 1 октябрь санасидан куз-қиш мавсуми бошланади. Жорий йил ёз мавсумида республиканинг электр энергия истеъмоли соатига 13 гигаватт, яъни кунига 280-290 миллион кВт•соат бўлган бўлса, қиш мавсумида соатига 14 гигаватт, кунига эса 310-320 миллион кВт•соатгача кўтарилиши кутилмоқда.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖда ташкилот масъуллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз борди.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Улуғбек Урунов, Халқаро алоқалар ва инвестицияларни жалб қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Акмал Абдуллаев ва бошқалар 2025/2026 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан амалга оширган ишлари сарҳисобига эътибор қаратди.
Унда таъкидланишича, куз-қиш мавсумининг беталафот ўтиши ва электр қурилмаларининг барқарор ишлаши, истеъмолчиларга етарли даражада электр энергиясини етказиб бериш энергетика тизими корхоналарининг мавсумга тайёргарлик борасида амалга оширган ишлари билан боғлиқ.
Тадбирда Улуғбек Урунов айтиб ўтганидек, сўнгги йилларда ер юзида ҳароратнинг қиш фаслида кескин тушиб кетиши ва ёз ойларида кескин кўтарилиб кетиши кузатилмоқда. Бу энергетика тизимидаги электр қурилмаларининг зўриқиб ишлаши ва уларнинг авариявий режимда ишлашига олиб келади. Шунингдек, электр қурилмаларнинг ишлаш муддатини кескин камайтириб, тез ишдан чиқишига сабаб бўлади.
– Жорий йил ёз мавсумида республиканинг электр энергия истеъмоли соатига 13 гигаватт, яъни кунига 280-290 миллион кВт•соат бўлган бўлса, қиш мавсумида соатига 14 гигаватт, кунига эса 310-320 миллион кВт•соатгача кўтарилиши кутилмоқда. Ушбу ҳажмдаги электр энергиясини магистраль тармоқлар орқали тақсимловчи тармоқларга етказиб бериш учун вилоятлар кесимида кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Йил бошидан бугунги кунга қадар бир қатор лойиҳалар амалга оширилиши туфайли подстанцияларнинг қуввати 492 мегаволт•амперга оширилди.
2025-2026 йил куз-қиш мавсумида электр қурилмаларининг барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, 1566 километр узунликдаги электр тармоқлари (режага нисбатан 140 фоиз), 39 та трансформатор (130 фоиз), 122 та комутацион аппаратларда (102 фоиз) мукаммал таъмир ишлари бажарилди. 12 минг 324 километр узунликдаги электр тармоқлари (режага нисбатан 103 фоиз), 1 472 та трансформатор (129 фоиз), 2561 та комутацион аппаратда (106 фоиз) жорий таъмир ишлари олиб борилди, – деди У. Урунов.
Айтиб ўтилганидек, трансформаторларнинг совитиш тизимлари текширилиб, 139 та двигатель ва 3 та мой насоси таъмирланган. Барча электр узатиш ҳаво тармоқлари навбатдан ташқари ва даврий кўрикдан ўтказилди ҳамда таъмирлаш ишлари давомида 15 000 тадан ортиқ изолятор ва 3850 та қушлар қўнишидан ҳимоя қилиш мосламалари ўрнатилган.
– Бундан ташқари, юқори кучланишли магистраль электр узатиш тармоқларида олиб бориладиган кўрик ишларининг самарадорлигини ошириш, яъни бориш қийин бўлган ҳудудлар, муҳофаза зонасидаги янги қурилишлар, дарахтзорларни аниқлаш ҳамда авариявий ҳолатлар содир бўлганда электр тармоғининг шикастланган жойини қисқа муддатларда топиш мақсадида учувчисиз учиш аппаратидан (дрон) фойдаланиш жорий этилиб, 800 километр тармоқ назорат кўригидан ўтказилди. Кўрикдан ўтказиш ишлари давомида аниқланган нуқсонлар ўз вақтида бартараф этилиб, содир бўлиши мумкин бўлган авариявий ўчишларнинг олди олинди, – деди Электр энергияси оқимларини таҳлил қилиш ва ҳисоботини юритиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари.
Тадбирда мавсумга яртилган захиралар хусусида ҳам маълумот берилди. Унга кўра, электр тармоғи хўжалиги обектлари ишончли ишлашини таъминлаш мақсадида 200 тонна трансформатор мойи, 1 000 килограмм техник пластина, 35 тонна турли русумли симлар, 10 км кабель маҳсулотлари, 60 дона металл ва темир-бетон таянч, 10 000 та изолятор, 21 та магистраль тармоқ подстанциялари учун ҳамда 37 та 110 киловолт кучланишли ва 39 та 35 киловолт кучланишли тақсимлаш тармоқлари подстанциялари учун турли қувватдаги трансформатор захираси яратилди.
Шунингдек, авариявий ҳолатларни тезкор бартараф этиш мақсадида 222 та навбатчи гуруҳлар бригадаси ташкил этилган бўлиб, улар махсус автотранспорт, зарурий эҳтиёт қисмлар, алоқа ҳамда ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланган.
Масъуллар тизимда барча жараён мавсумга шайлигини таъкидлади. Бугунги кунда энергетика тизим ташкилотлари томонидан электр таъминоти барқарорлиги учун барча куч ва ресурслар сафарбар этилган.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
Манба: https://uza.uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
http://t.me/uzmetaxborotxizmati