

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигида Хитойнинг “China Datang” компанияси партия қўмитаси котиби ва директорлар кенгаши раиси Лю Жун бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда “Чина Датанг” компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш борасида йирик лойиҳалар амалга ошираётгани алоҳида таъкидланди.
Хусусан, Тошкент вилоятининг Бўка туманида 263 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилган бўлиб, ушбу «яшил» станция бугунги кунда барқарор энергия ишлаб чиқармоқда. Мазкур лойиҳа орқали йилига 575 млн кВт·соат электр энергия ишлаб чиқарилиб, 154 млн куб метр табиий газ тежалади.
Шу билан бирга, компания Ўзбекистонда кадрлар малакасини ошириш, энергетика соҳасида жорий этилаётган энг илғор тажрибаларни маҳаллий мутахассисларга ўргатишда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Хусусан, Бўка туманидаги қуёш фотоэлектр станцияси қошида “Энергетика соҳасида инновасион технологиялар бўйича қўшма илмий-тадқиқот маркази” ташкил этилмоқда.
Учрашув доирасида Бўка туманида қуёш фотоэлектр станцияси ва энергия сақлаш тизимини қуриш бўйича битимлар имзоланди.
Манба: https://t.me/minenergy_uz/18172
‖ Facebook ‖ Инстаграм ‖ YouTube ‖
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати