

«Ўзбекистонда углерод-нейтрал иқтисодиётга ўтиш бўйича гендерга йўналтирилган ва адолатли йўл харитасини ишлаб чиқиш» лойиҳаси доирасидаги техник давра суҳбати бўлиб ўтди.
«Ўзбекистонда углерод-нейтрал иқтисодиётга ўтиш бўйича гендерга йўналтирилган ва адолатли йўл харитасини ишлаб чиқиш» лойиҳаси доирасида гибрид форматда — офлайн ва онлайн тарзда — техник давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ушбу ташаббус Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги томонидан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)нинг молиявий кўмаги ва Ўзбекистондаги «БМТ хотин-қизлар» тузилмаси билан яқин ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг асосий мақсади — Ўзбекистоннинг углерод-нейтрал иқтисодиётга босқичма-босқич ўтиши ва иссиқхона газлари чиқиндисини нол даражага етказишга қаратилган гендерга йўналтирилган ва адолатли йўл харитасини ишлаб чиқишга кўмаклашишдан иборат.
Давра суҳбати давомида дастлабки таҳлил натижалари ҳамда йўл харитасини ишлаб чиқиш жараёни тақдим этилди. Иштирокчилар ҳужжатга жорий этилиши мумкин бўлган амалий ва самарали воситалар ҳамда механизмларни муҳокама қилиб, улар орқали гендер тенглиги ва инклюзив иқлим ҳаракатларини илгари суриш масалаларига эътибор қаратдилар.
Муҳокамаларда ташаббусларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш ва баҳолаш усуллари, шунингдек, эришилган натижалар барқарорлигини таъминлаш чоралари бўйича таклифлар илгари сурилди.
Шу билан бирга, иштирокчилар энергетика соҳасида гендер масалаларини интеграция қилиш тажрибаси билан ўртоқлашиб, мавжуд муаммолар ва муваффақиятли амалиётларни муҳокама қилдилар ҳамда йўл харитасини кейинги босқичларда самарали амалга ошириш учун манфаатдор томонлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш йўлларини белгилаб олдилар.
Тадбирда қуйидагилар иштирок этдилар:
♦ Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси;
♦ Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирининг маслаҳатчиси;
♦ Оила ва хотин-қизлар ишлари қўмитаси вакиллари;
♦ Энергетика вазирлигига қарашли ташкилотлар вакиллари;
♦ Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) вакиллари;
♦ «БМТ хотин-қизлар» тузилмаси вакили;
♦ шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритаётган хорижий энергетика компаниялари вакиллари.
Республика Кенгаши таъкидлайдики, «яшил» ва углерод-нейтрал иқтисодиётга ўтишга қаратилган ислоҳотлар фақат техник ёки иқтисодий жиҳатдан самарали бўлиши билан чекланиб қолмасдан, ижтимоий адолат, гендер тенглиги ва ходимлар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тамойилларига ҳам асосланиши зарур. Касаба уюшмалари «яшил ўтиш» жараёнини муносиб иш ўринларини яратиш, инсон салоҳиятини юксалтириш ва жамиятнинг ижтимоий барқарорлигини мустаҳкамлаш имконияти сифатида кўради. Фақат шундай ёндашув орқалигина ислоҳотлар ҳақиқатан ҳам адолатли, инклюзив ва меҳнаткашлар ҳаёт сифатини ошириш ҳамда мамлакатнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу тадбир ташаббуси Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан илгари сурилган.
‖ Facebook ‖ Инстаграм ‖ YouTube ‖
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати