

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ахборот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, 2017-2024 йиллар оралиғида юқори кучланишли подстанцияларда жами 10102 МВА (мегавольт∙ампер) қўшимча ўтказувчанлик қуввати яратилган. 2025 йил учун режалаштирилган ва йил якунига қадар бажариладиган 2719 МВА қўшимча қувват қўшилганда, аввалдан мавжуд қувватларга қўшилган қувват ҳажми 12821 МВАни ташкил этган.
Бугунги кунда мазкур ташкилот томонидан электр энергиясини генерация нуқталаридан магистраль электр тармоқлари орқали тақсимловчи тармоқларга етказиш ҳамда давлатлараро транзит амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 17 декабрдаги 844-сонли қарорига мувофиқ, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тизимидан қабул қилинган 35-110 кВ кучланишли подстанцияларда ҳам қувват ошириш ишлари амалга оширилмоқда. Юклама остида ишлаётган куч трансформаторлари янги, юқори қувватли электр ускуналарига алмаштирилди ва бугунги кун ҳолатига 53 та подстанцияда жами 354 МВА қўшимча қувват яратилди.
2025 йил 1 июнь ҳолатига кўра, акциядорлик жамияти балансининг расмий маълумотларида 35-110-220 ва 500 кВ кучланишли 1583 та подстанция бўлиб, уларнинг умумий тўла қуввати 51 780,1 МВАни ташкил этади. Шунингдек, 37 211,4 километр узунликдаги магистраль электр узатиш тармоқлари мавжуд.
– Албатта, амалга оширилаётган бу каби модернизация ва қувват ошириш ишлари мамлакатнинг энергия хавфсизлигини мустаҳкамлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Юқори кучланишли тармоқларда ўтказувчанлик қувватининг ошиши тақсимловчи тармоқларга электр қувватини барқарор етказишни кафолатлайди. Бу эса, ўз навбатида, ишлаб чиқариш корхоналарининг барқарор фаолият юритишини таъминлайди ва аҳоли учун етказиб берилаётган электр энергиясининг сифатини оширади. Шу билан бирга, магистраль тармоқларнинг имкониятларини кенгайтириш келгусидаги янги генерация қувватларини тизимга қўшиш, экспорт ва давлатлараро транзит ҳажмларини ошириш учун стратегик платформа яратиб беради, – деди “ЎзМЭТ” АЖ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Урунов.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
Манба: https://uza.uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати