

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда.
“Инсон қадри учун” деган эзгу ғоя асосида амалга ошираётган ислоҳотларимиз натижаси барча вилоятлар қаторида Сирдарёдаги улкан ўзгаришларда ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Илгари асосан қишлоқ хўжалигига боғланиб қолган бу заминда саноат, сервис, туризм йўқдан бор бўлди, бизнес муҳити яхшиланиб, илғор тадбиркорлар синфи шаклланди”,
– деди давлатимиз раҳбари.
Саккиз йилда Сирдарёга 4 миллиард доллар инвестиция киритилди. Бу даврда 187 та йирик қувватлар ишга тушди, 120 минг иш ўрни яратилди. 50 га яқин янги маҳсулот чиқариш йўлга қўйилиб, саноат 4 триллиондан 25 триллион сўмга етди.
Минглаб савдо-сервис объектлари ташкил қилингани натижасида хизматлар ҳажми 1,5 триллиондан 12 триллион сўмга ошди.
Олдин дотацияли бўлган Гулистон, Янгиер шаҳарлари, Боёвут, Мирзаобод, Сайхунобод, Сирдарё ва Ховос туманлари харажатини ўзи қоплашга ўтди.
Вилоятдаги ўрта ва йирик корхоналарнинг аксарияти Сирдарё, Гулистон, Сайхунобод, Мирзаобод туманлари ва Гулистон шаҳрига тўғри келади.
Мазкур корхоналарни электр билан таъминлайдиган «Феруз» подстанциясининг қуввати 2 карра оширилса, тадбиркорлар яна 200 миллион долларлик янги лойиҳаларни қилиш ташаббусини билдирган.
Мутасаддиларга ушбу подстанцияда 2 та 250 мегаваттли трансформатор ўрнатиб, қувватини ошириш топширилди.
Умуман, саноатдаги имкониятлардан фойдаланиб, вилоятда 25 минг юқори даромадли иш ўринларини яратиш, ишлаб чиқаришда камида 7 фоиз ўсишга эришиб, 30 триллион сўмга етказиш зарурлиги қайд этилди.
‖ Facebook ‖ Инстаграм ‖ YouTube ‖
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати