

БОШ ПРОКУРАТУРА: Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика штабининг навбатдаги йиғилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Департамент бошлиғи Д.Кадиров ва Бош прокурор ўринбосари С.Самадовлар раҳбарлигида бўлиб ўтди.
Йиғилишда Энергетика, Ички ишлар вазирлари ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг соҳавий ўринбосарлари, МИБ, Ўзэнергоинспекция, Ўзбекнефтгаз, Ўзтрансгаз, Ўзгазтрейд, Иссиқлик электр станциялари, Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари, Ҳудудий электр тармоқлари, Ҳудудгазтаъминот жамиятлари раҳбарлари ҳамда профессор-олимлар иштирок этишди.
Кун тартибидаги қиш мавсумида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, тўлов интизомига риоя қилиш ва ресурслардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари танқидий муҳокама қилинди.
Табиий газни қазиб олиш ва етказиб бериш режалари бажарилиши, ер ости газ омборлардан газ олишда қатъий тежамкорликка риоя этилиши, магистраль газ қувурлари орқали газ етказиб беришда мавсумда юзага келиши мумкин бўлган авария ҳолатларини олдини олишга қаратилган тадбирларни амалга оширилиши кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, етказиб берилган электр энергияси ва табиий газдан дебитор қарздорликни ошиб кетишига йўл қўймаслик, қарздорликни ундиришнинг барча тадбирларини амалга ошириш, етказиб берувчи ва таъминот корхоналари ўртасида мақсадли схемалар орқали ўзаро ҳисоб-китобни амалга ошириш орқали қарздорликни камайтириш лозимлиги таъкидланди.
Етказиб берилган электр энергияси ва табиий газ бўйича йўқотишлар юқори бўлган ҳудудларда ИИВ, ИЖҚК Департаменти ва Ўзэнергоинспекция ходимларидан иборат ишчи гуруҳларни тузиб, кучайтирилган рейд тадбирларини аниқ таҳлилларга асосан ўтказилиши юзасидан топшириқлар берилди.
Йил якунланишига қадар энергетика тизими корхоналари объектларида бажарилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини қисқа муддатда ва сифатли тамомлаш ҳамда инвестиция маблағларини ўзлаштиришни жадаллаштириш бўйича масъулларга кўрсатмалар берилди.
Қиш мавсумида аҳолига суюлтирилган газ ҳамда кўмир маҳсулотларини етказиб берилиши, мавсумий кафолатланмаган истеъмолчиларни тармоқдан ажратишга қаратилган тадбирларнинг ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйилаётганлиги танқид остига олинди.
Ҳудудларда профессор-олимлар томонидан олиб борилаётган илмий-техникавий ўрганишлар юзасидан уларнинг ҳисоботлари тингланиб, ресурсларни иқтисод қилишнинг қўшимча манбаларини аниқлашга қаратилган тадбирларни кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
↘️ Манба
‖ Facebook ‖ Инстаграм ‖ YouTube ‖
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати