
Мурожаат эгаси: “MODEREN GREEN SERVISE” МЧЖ директори Содиқзода Муҳаммаджон Марибжон ўғли
Мурожаат мазмуни:
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ га
АРИЗА
/хатни бекор қилиш тўғрисида/
Тошкент туман ҳокимининг 2021 йил 03 июндаги 677-сонли қарори билан «MODEREN GREEN SERVISE» МЧЖга Тошкент вилояти Тошкент тумани Қизғалдоқ ҳудуди, «Боғизилол» МФЙ манзилида жойлашган ер майдонидаги туман захирасидаги жами 2,5 гектар ер майдони доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ҳамда манзарали кўчатлар етиштириш учун ажратилган.
Жамиятимизга ажратилган ер майдони атрофи биз томонимиздан «экотўсиқ» билан ўраб чиқилди, шундан сўнг бу ерда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ҳамда манзарали кўчатлар етиштириш бўйича фаолиятимизни бошлашга киришдик.
Лекин, атрофда яшовчи аҳоли биз томонимиздан ўрнатилган «экотўсиқ»ларнинг кўпгина қисмини бузиб ташлаб, ҳовли-жойлари рўпарасидаги майдонларни ўзаро тақсимлаб олиб, тўсиқлар билан ўраб, у ерга ўзбошимчалик билан терак, чинор, павлония каби катта бўладиган (баланд бўйли — Ахборот хизмати таҳрири) дарахт экишмоқда.
Фуқаролар “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг розилик хати мавжудлигини баён қилишмокда ва розилик хатини важ қилиб келтириб, катта ҳажмли дарахтларни экишмоқда.
Хусусан, фуқаролар қўлидаги “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқарув раисининг ўринбосари имзолаган 2023 йил 19 декабрь кунги 01-02-18/5209-сонли хатни рўкач қилишмоқда (хат нусхаси илова қилинади).
Аслида, ушбу ҳудуддан юқори кучланишли электр тармоғи ўтганлиги сабабли бу ер участкаси муҳофаза минтақасини ташкил қилади. Бу ҳудудда катта бўладиган дарахтларни экиш катъиян ман қилинган. Шунинг учун ҳам ушбу ер участкаси ҳоким қарори билан бизнинг жамиятимизга манзарали кўчат ва кичик ҳажмли дарахтларни кўпайтириш (плантация) мақсадида ажратилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сон қарори билан тасдиқланган “Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидалари”нинг 14-бандига кўра, 220 киловольт кучланишли линиялар учун муҳофаза зоналари 25 метрни ташкил қилади.
Мурожаатга жавоб: Ҳурматли “МОДEРEН GREEN СEРВИСE” МЧЖ директори Содиқзода Муҳаммаджон Марибжон ўғли, Сизнинг мурожаатингиз қайд этилиб, ижро учун тегишли бошқармаларга йўналтирилди.
Расмий жавоб хати ва унинг мазмуни қуйидагича:
Сизнинг 2025 йил 27 ноябрдаги А-127-рақам билан рўйхатга олинган аризангиз ўрганиб чиқилиб, қуйидагилар маълум қилинади:
Ўрганиш жараёнида “MODEREN GREEN SERVISE” МЧЖга ўрнатилган тартибда бириктирилган ҳудуд “Ўзбекистон миллий элепктр тармоқлари” АЖ “Тошкент магистрал электр тармоқлари” филиалига тегишли 220 кВ кучланишдаги Л-2-К-1 электр узатиш ҳаво тармоғининг 48-52-сон таянчлари оралиғида жойлашгани ҳамда тармоқнинг муҳофаза майдонида маҳаллий аҳоли томонидан талабларга зид равишда баланд бўйли дарахтлар экилганлиги аниқланиб, уларни пайҳон бўлишидан олдин хавфсиз ҳудудга кўчириш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Фуқаролардан тушган мурожаатга жавобан, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида” 2017 йил 11 сентябрдаги ЎРҚ-445-сонли Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига риоя этган ҳолда шакллантирилиб, юборилган “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг 2023 йил 19 декабрдаги 01-02-18/5209-сонли хатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сонли қарори билан тасдиқланган “Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидалари” ҳамда амалдаги “Электр қурилмалининг тузилиши қоидалари” га мувофиқ мавжуд тармоқлар муҳофаза майдонидаги ердан фойдаланиш тартиби бўйича талаблардан кўчирмалар келтирилган бўлиб, ерга бўлган ҳуқуқини белгилаш кучига эга эмас.
Юқорида келтирилган қоидалар талаблари мулкчилик шаклидан қатъий назар барча жисмоний ва юридик шахсларга бир хил тадбиқ этилади.
Электр узатиш ҳаво тармоқлари учун доимий фойдаланишга ажратилган ер деб фақат таянчлар тагидаги таркибий қисмдан ташқи томонга суғорилмайдиган ва ишлов берилмайдиган ерлар учун 1 метр, суғориладиган ерларда 1,5 метр масофадаги майдон ҳисобланади. Кўрилаётган ҳудудда тармоқ муҳофаза майдонидаги қолган ерлар шу тармоққа эгалик қилувчи ёки хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг мулки ёки доимий фойдаланиш учун ажратилган ери деб ҳисобланмайди.
Сизнинг ташкилотингизга қарашли ер майдонидаги мулкингизга шикаст етказилиши, ўзбошимчалик билан фаолият юритилишини бартараф этилиши юзасидан ваколатли ташкилотларга мурожаат этилиши мақсадга мувофиқ.
Ўз навбатида электр қурилмаларининг барқарор ишлашига хавф туғдирадиган омиллар ваколатимиз доирасида эксплуатация жараёнида бартараф этилади.
Ваколат доирасидан ташқаридаги масалалар бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларига мурожаат этилиб, чора белгиланади.
Электр узатиш тармоқлари муҳофаза майдонида қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олиш юзасидан ҳамкорлигингиз учун алоҳида миннатдорчилигимизни билдирамиз.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати