

Жорий йил 10 декабрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар Энергетика вазирларининг навбатдаги — V йиғилиши ўтказилди.
Унда Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон Республикалари Энергетика вазирлари, Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби ҳамда Венгрия ва Шимолий Кипр Ташқи ишлар вазирлари кузатувчи сифатида иштирок этди.
Учрашувда дўст ва қардош туркий давлатлар раҳбарларининг ташаббуслари билан барча соҳалар қатори ёқилғи-энергетика тармоғи ривожи йўлида ҳам ҳамкорлик алоқалари янги босқичга чиқаётгани алоҳида таъкидланди.
Йиғилишда энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, минтақа энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва барқарор энергия манбаларини жорий этишдаги устувор йўналишлар, хусусан, «яшил» энергетика лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, тармоқлар интеграцияси ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар Туркий давлатлар ташкилоти Энергетика вазирларининг навбатдаги — VI йиғилишини 2026 йилда Ўзбекистонда ўтказишга келишиб олдилар.
Манба: https://t.me/minenergy_uz/18525
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати