

Япониянинг Панасоник компанияси қуёш панеллари (ПВ) орқали ишлайдиган водород энергия платформасини Мунхен шаҳридаги офис биносида синовдан ўтказишни бошлади. Бу платформа "Panasonic HX" деб номланади ва у тоза водород + сунъий интеллектли энергия бошқаруви орқали барқарор энергия таъминотини мақсад қилган.
Одатий қуёш энергияси билан ишлайдиган тизимларда батарея энергия сақлаш учун зарур бўлади. Лекин Германиядаги лойиҳада Сунъий интеллект – AI асосида реал вақт режимида энергия бошқарадиган EMS (Energy Management System) туфайли батареялар ўрнатилмаяпти — бу лойиҳа харажат ва жойни тежайди.
⚡️ Платформа қандай ишлайди?
♦ У 190 кВ қувватли том қоплама қуёш панеллари билан жиҳозланган;
♦ Учта 10 кВ PH3 водород ёқилғи модули тизимга уланган;
♦ EMS тизими қуёш энергияси ва бинонинг электр энергия сарфи ўртасидаги ўзгаришларни реал вақт режимида бошқаради.
Лойиҳанинг аҳамияти:
Бу офис биносида тўлиқ қайта тикланадиган энергия ечими синовдан ўтказилаётган биринчи лойиҳа бўлиб, унда водород узоқ муддатли энергия сақлаш воситаси сифатида қўлланмоқда.
⚡️ Ушбу лойиҳа Ўзбекистонда қўлланилиши мумкинми?
Албатта, ҳа. Чунки, деярли барча маъмурий бинолар, йирик бизнес марказлари ва бошқа тижорий оффисларларда қуёш панеллари ўрнатиш ишлари амалга оширилиб, 2025 йил 1 декабрь ҳолатига мамлакат бўйлаб жами 1971 МВ (деярли 2 ГВ) қувватли қуёш панеллари («roof-top») ўрнатилган.
Бундан ташқари, Чирчиқ шаҳридаги аммиак ишлаб чиқарувчи завод базасида Саудия Арабистонининг ACWA POWER компанияси билан ҳамкорликда ишга туширилган лойиҳада йилига 3 000 тонна яшил водород ишлаб чиқариш режалаштирилган. У асосан қуёш ва шамол энергиясидан олинадиган тоза электр билан сув электролизи орқали водород яратади. Бу водород кейинчалик минерал ўғитлар ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Яшил водород деганда қуёш/панеллар ва шамол генераторлари энергиясидан фойдаланган ҳолда СО₂ чиқиндисиз (яъни атроф-муҳитга зарар келтирмай) водород ишлаб чиқариш тушунилади — бу «кулранг» водороддан фарқли равишда экологик тоза ҳисобланади.
Тажриба сифатида кичик ҳажмда, яъни электр энергияси юкламаси юқори бўлмаган биноларда ушбу лойиҳани қўллаб қувватлаш мумкин.
Интернет маълумотларидан фойдаланиб тайёрланди.
✍️ Равшанжон Ёқубжонов, Электр тармоқларини инновацион ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси
✔️ Каналга обуна бўлиш учун: ⇒ https://t.me/+Pz1qHR0W8mYzNmZi
‖ Facebook ‖ Инстаграм ‖ YouTube ‖
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати