2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Келиб тушган мурожаатлар
Мурожаатчи: «110 кВ электр узатиш тармоқларининг муҳофаза зонаси Жамиятимизнинг янги лойиҳаларини амалга ошириш ва бинолар қуриш ишларига жиддий тўсқинлик қилмоқда...»
  • 12.12.2025
  • 5

Мурожаат эгаси: Ахадов Адхам Акрамович, “Mexmash” масъулияти чекланган жамиятидан

Электрон почта: info@mexmash.uz

Мурожаат мазмуни: “Mexmash” масъулияти чекланган жамияти (кейинги ўринларда – Жамият) Сиз раҳбарлик қилаётган “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда – «ЎзМЭТ» АЖ) балансидаги электр инфратузилмаси объектларининг жамият хўжалик фаолиятига таъсири билан боғлиқ масалани ҳал этишда амалий ёрдам сўраб мурожаат этмоқда.

Жамият 2021 йилда “Nаmanganvino” акциядорлик жамиятига тегишли бўлган Наманган шаҳар, Давлатобод тумани, Дўстлик кўчаси, 6 ва 6А-уй манзилларида жойлашган ишлаб чиқариш бино ва иншоотларини сотиб олган. Ҳозирги кунда ушбу бино-иншоотлардан маҳкамлаш маҳсулотлари ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланилмоқда.

Жамиятга тегишли ҳудуддан “ЎзМЭТ” АЖ балансида бўлган, Наманган вилояти, Наманган шаҳри, Давлатобод тумани, “Юқори Ровустон” МФЙ, Дўстлик кўчаси, 29-уйда жойлашган 110/10 кВ кучланишли “ТРАНСФОРМАТОРНАЯ” подстанциясига ўтган 2 та 110 кВ кучланишли ҳаво электр узатиш линияси (кейинги ўринларда – ҲЛ) мавжуд. Ушбу 110 кВ электр узатиш тармоқларининг муҳофаза зонаси Жамиятимизнинг янги лойиҳаларини амалга ошириш ва бинолар қуриш ишларига жиддий тўсқинлик қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 октябрдаги 638-сон қарори билан тасдиқланган “Электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси” қоидаларининг 3-бандида электр узатиш ҳаво линиялари ва алоқа ҳаво линияларининг муҳофаза зонаси — ҲЛ бўйлаб, энг четда жойлашган симлардан, уларнинг оғишмаган ҳолатида 110 кВ ҲЛ учун – 100 м масофада, линиянинг иккала томони бўйлаб, вертикал сиртлар билан чегараланган ер участкаси ва ҳаво бўшлиғи кўринишидаги зона ажратилиши белгиланган. Жамиятимиз ҳудудидан ўтган 2 та 110 кВ кучланишли ҲЛ учун металл анкер-опора орқали 170 м узунликда тармоқ ўтказилган бўлиб, ушбу линиянинг муҳофаза зонаси ер майдони 17000 кв.м ни ташкил этмоқда. Шунингдек, “ЎзМЭТ” АЖ балансидаги 110/10 кВ кучланишли “ТРАНСФОРМАТОРНАЯ” подстанциясини 2026 йилда модернизация қилиш режалаштирилаётганидан хабардормиз.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Жамиятимиз ҳудудидан ўтган 110 кВ ҲЛни ҳамда Дўстлик кўчаси, 29-уйда жойлашган 110/10 кВ кучланишли “ТРАНСФОРМАТОРНАЯ” подстанцияни кўчириш масаласини кўриб чиқишингизни сўраймиз. Кўчириш учун Жамиятимизга тегишли, “ЎзМЭТ” АЖ ходимларининг хизмат кўрсатиши учун қулай бўлган йўл бўйидаги Дўстлик кўчаси, 6-уйда жойлашган мос ер майдонини алмаштириш эвазига таклиф этамиз.

Ушбу масаланинг ижобий ҳал этилиши Жамиятимизнинг ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтиришга ва “ЎзМЭТ” АЖнинг электр инфратузилмасини оптималлаштиришга хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз. Мазкур мурожаатни кўриб чиқишингизни ва тегишли қарор қабул қилишингизни илтимос қиламиз.

Мурожаатга жавоб: Ҳурматли “Mexmash” масъулияти чекланган жамиятидан Адхам Акрамович, Сизнинг мурожаатингиз қайд этилиб, ижро учун тегишли бошқармаларга йўналтирилди.

Расмий жавоб хати ва унинг мазмуни қуйидагича:

 

Сизнинг 2025 йил 26 ноябрдаги 551/25-рақам билан рўйхатга олинган мурожаатингиз ҳамда 272-сонл хатингиз июзасидан қуйидагилар маълум қилинади:

 

Мурожаатга мувофиқ Наманган шаҳри, Давлатобод тумани, “Юқори Ровустон” МФЙ, Дўстлик кўчасида жойлашган 110/10 кВ кучланишдаги «Трансформаторная» подстанциясини кўчириш масаласи мутахассислар томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди.


Модернизация ишлари подстанция жойлашган мавжуд майдон ҳамда унга бирикган нафақат “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ, балки “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг Наманган ҳудудий филиали ва турли тоифадаги истеъмолчиларга тегишли бўлган электр тармоқлари билан уйғунлашган ҳолда амалга оширилиши режалаштирилган.


Мазкур подстанцияни кўчирилиши унга уланган тармоқлар учун ҳам янги ер майдонларини ажратиш ҳамда ўзгарган майдондаги муҳандислик коммуникацияларни (масалан: сув, оқова, газ, электр ва ҳоказо) ҳам эгалари билан келишган ҳолда лойиҳалаштириш ва қайта қуриш учун қўшимча харажатларни талаб этади.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 июндаги 338-сонли Қарори билан тасдиқланган “Магистраль электр тармоқларидан фойдаланиш қоидалари” нинг 92-бандига мувофиқ кўчириш ишлари ташаббускор маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, подстанцияни кўчириш бўйича лойиҳалаштириш ва ишларни амалга ошириш барча манфаатдорлар билан келишилган таклифларни ҳисобга олган ҳолда, ўрнатилган тартибда бажарилиши лозим.


Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда подстанция кўчирилиши ҳар жиҳатдан Акциядорлик жамиятимиз учун мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисобланади. Масалани жойида кўриб чиқиш далолатномаси илова қилинади – 2 варақда.

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati