2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
А.А.Назиров: «Бугунги ривожланишга энергетикларнинг муносиб ҳиссаси қўшилмоқда»
  • 22.12.2025
  • 135

Ҳурматли “Ўзбекистон МЭТ” АЖ жамоаси аъзолари, азиз ҳамкасблар!

Сизларни 22 декабрь, яъни бугунги "Энергетиклар куни" муносабати билан ўз номимдан қизғин муборакбод этаман!

Барчангизга маълумки, яқиндагина Муҳтарам Президентимиз энергетика соҳаси вакиллари билан учрашиб, соҳамиз олдида турган устувор вазифаларга ҳам кенг тўхталиб ўтдилар. Зеро, биз фаолият олиб бораётган Энергетика соҳаси юрт равнақи, мамлакатимиз иқтисодиёти учун энг муҳим йўналишлардан бири эканлиги эътироф этилди. Бу эса ўз ўрнида барчамизнинг фидокорона фаолият ташкил этишимизни, бир сўз билан айтганда, ватанпарварлик руҳида ишлашимизни тақозо қилади.

Аслини олганда, бир бутун соҳа ривожи бир ёки бир нечта кишининг фаолияти билан таъминланмайди. Бу ўринда катта бир жамоанинг, кенг соҳа мутахассисларининг жонбозлик билан олиб бораётган ишлари ўз самарасини кўрсатади. Шу маънода айтишим мумкинки, тизимдаги Сиз — соҳа вакиллари бўлган ҳар бирингизнинг муносиб ҳиссангиз бор, деб биламан!

Юртимиз барча соҳаларда кундан-кунга равнақ топиб, катта ривожланиш йўлидан бормоқда. Бу албатта, мамлакатимиз танлаган йўлининг ниҳоятда тўғрилиги, у мустаҳкам асосга эга эканлигидадир. Алоҳида айтиб ўтиш керак, бугунги ривожланишга Сиз каби тажрибали ва жонкуяр инсонлар томонидан муносиб ҳисса қўшиб келинмоқда.

Шу муносабат билан, айни кунларда Ўзбекистон Республикаси электр энергетикасини ривожлантириш ва халқ хўжалигини электрлаштиришдаги кўп йиллик ва ҳалол меҳнатлари учун бир гуруҳ ҳамкасбларимизга “Энергетика фахрийси” унвони, шунингдек, “Фахрий ёрлиқ” ҳамда “Ташаккурнома”лар эълон қилинган.

Фидокорона меҳнатлари эътирофларга муносиб кўрилган барча сафдошларимизга унвонлар муборак бўлсин, дея ўз касбига содиқлик ила олиб бораётган эзгу амалларингиз ва фидоий меҳнатингиз бардавом бўлсин, деб қоламиз!

Қолаверса, яқинлашиб келаётган Янги 2026 йил барчангизга муборак бўлсин! Сизни ва сиз орқали оила аъзоларингизни ушбу қутлуғ айём билан муборакбод этаман! Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий хотиржамлик тилайман!

Юртимиз энергетика соҳаси равнақи, халқимиз бахту саодати, она Ватанимизнинг тинчлиги ва осойишталиги йўлидаги хайрли ишларингизга Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин!                                        

Биз аминмизки, Сизнинг ҳақиқий ватанпарварлигингиз давлатимиз хизматидаги кўп йиллик илмий тажрибангиз Сизга шарафли вазифангизни бажаришда ҳамроҳлик қилиб, йўлингизни ёритиб, нурафшон айлаб туради!

Янги йилда барча эзгу ниятларингиз амалга ошишини, кўтаринки ва байрамона кайфият ҳар доим ҳамроҳ бўлишини тилайман!

Ҳурмат билан,

Абдумалик Назиров, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

http://t.me/uzmetaxborotxizmati