

Андижон давлат техника институтининг “Электр ва энергетика муҳандислиги” факультетида “Ўзбекистонда энергетика тизимининг долзарб муаммолари, уларнинг ечимлари ва ривожлантириш истиқболлари” мавзусида республика илмий-техник анжумани ўтказилди.
✅ Мазкур анжуман мамлакатимиз энергетика соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни илмий-амалий жиҳатдан бартараф этиш йўлларини муҳокама қилишга бағишланди. Анжуманда республиканинг етакчи олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари, соҳа мутахассислари ва ёш олимлар иштирок этдилар.
✅ Анжуман доирасида ҳамкор ташкилотлар вакиллари томонидан долзарб мавзуларда маърузалар тақдим этилди. Жумладан, Ўзбекистон Миллий Электр Тармоқлари АЖ бошқарув раисининг матбуот масалалари бўйича вакили Урунов Улуғбек “Электр энергиядан оқилона фойдаланиш”, “Магистраль электр тармоқлари” корхонаси бош муҳандиси ўринбосари Алижон Рахимов “Электр энергиясини узатишда исрофларни камайтириш”, шунингдек, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Қайта тикланувчи энергия манбалари” миллий илмий-тадқиқотлар институти илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Жобир Ахадов “Қайта тикланувчи энергия манбалари ва улардан самарали фойдаланиш имкониятлари” мавзуларида маърузалар билан иштирок этдилар.
✅ Шунингдек, Электр муҳандислиги кафедраси профессори Боҳодир Мамаджанов ўз маърузасида конференция мавзусининг долзарблигини, мамлакатимиз ривожида энергетика соҳасидаги ислоҳотларнинг ўрни катта эканлигини таъкидлаб ўтди.
✅ Маърузаларда энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда тармоқдаги йўқотишларни камайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Билдирилган таклиф ва мулоҳазалар энергетика соҳасини ривожлантиришда муҳим илмий-амалий аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
✅ Анжуман якунида энергетика тизимини модернизация қилиш, инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтиришга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди. Ушбу республика илмий-техник анжумани энергетика соҳасини ривожлантириш йўлида муҳим илмий платформа бўлиб хизмат қилди.
Манба: https://t.me/andtexnika/30461
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати