2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Келиб тушган мурожаатлар
РАСМИЙ ИЗОҲ: “Акциядорлик жамияти томонидан 220 кВ кучланишли Л-2-К-1 электр узатиш тармоғи юзасидан қайд этилган барча мурожаатларга тегишли тартибда жавоб берилган”
  • 20.01.2026
  • 50

Ижтимоий тармоқ саҳифаларида, хусусан «Халқ сўзи» газетаcи таҳририятининг “Xalq so‘zi Online” (@XalqSoziOnline) youtube платформасида:

“Daraxt ekkanimiz uchun tergovga chaqirildik” (“ODAMLARNI QO‘RQITMASIN”)

https://www.youtube.com/watch?v=NDj6bcLlgCE

Xalqqa ultimatum: daraxtlar kesiladi yoki... (“QURILISHMI YOKI QIRILISH”)

https://www.youtube.com/watch?v=qvY4z9vM1KA

номли журналистик суриштирувга оид видеолавҳалар эълон қилинди. Уларда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг номи электр тармоқ хўжаликларининг “муҳофаза майдони” масаласига тааллуқли жойларида бир неча бор тилга олинади.

Мазкур журналистик суриштирувига оид масала, аниқроғи мазкур масалага “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг муносабати ОАВ ҳамда жамоатчилик орасида нотўғри талқинларни келтириб чиқармаслиги учун Акциядорлик жамияти Ахборот хизмати қуйидагиларни маълум қилади:

РАСМИЙ ИЗОҲ:

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг расмий жавоб хатларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сон қарори билан тасдиқланган “Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидалари” ҳамда амалдаги “Электр қурилмалининг тузилиши қоидалари”га мувофиқ мавжуд тармоқлар муҳофаза майдонидаги ердан фойдаланиш тартибига оид нормалардан кўчирмалар келтирилган бўлиб, бу хатлар ерга бўлган эгалик ҳуқуқини белгиламайди.

Электр қурилмаларининг барқарор ишлашига хавф туғдириши мумкин бўлган омиллар, хусусан, электр тармоқлари муҳофаза майдонидаги тўсиқлар Акциядорлик жамиятининг ваколати доирасида, эксплуатация жараёнида бартараф этилади.

Акциядорлик жамияти ваколатидан ташқаридаги масалалар бўйича маҳаллий ҳокимият ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилинади ва тегишли чоралар белгиланади.

Мавжуд ерларнинг қайси бир шаклда бириктирилиши юзасидан ердан фойдаланиш ҳуқуқини белгиловчи ваколатли ташкилотга мурожаат этилиши мақсадга мувофиқ.

ҚЎШИМЧА МАЪЛУМОТ:

Акциядорлик жамияти 220 кВ кучланишли Л-2-К-1 электр узатиш тармоғи юзасидан қайд этилган қуйидаги мурожаатларга жавоб берган ва мурожаат эгаси ҳамда берилган расмий муносабатга оид ахборот расмий веб-сайт саҳифаларига юкланиб борилган:

 Мурожаатчи: «Ҳокимнинг тегишли қарори билан туман захирасидаги жами 2,5 гектар ер майдони доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган. Лекин атрофда яшовчи аҳоли...»

 

Мурожаат эгаси: “MODEREN GREEN SERVISE” МЧЖ директори Содиқзода Муҳаммаджон Марибжон ўғли

https://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/7768

Мурожаатчи: «Акциядорлик жамияти жавоб хатида техник талабларга риоя қилган ҳолда дарахт экиш мумкинлиги ёзилган...»

Мурожаат эгаси: Н.Маматахунов, Тошкент шаҳри.

https://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/8058

Ахборот хизматидан қўшимча изоҳ-маълумот: “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Ахборот хизмати раҳбарига қўнғироқ қилиб, ўзини «Халқ сўзи» таҳририяти мухбири деб таништирган Сардорбек Поёнов Тошкент вилоятидаги бир масала юзасидан «журналистик суриштирув»и ўтказаётгани, шу сабабли масала юзасидан юзасидан бир нечта саволлари борлигини айтиб мурожаат қилган эди.

Матбуот котиби У.П.Урунов савол аҳоли мурожаати юзасидан бўлса, батафсил ахборот алманишуви учун, «Халқ сўзи» таҳририяти номидан расмий (ёзма, электрон почта орқали) мурожаат юборишини сўраган. Шу масаладаги ўзаро келишувдан сўнг электр узатиш тармоқларининг “муҳофаза майдони” ҳақида қисқача тушунтириш берган, аммо бу журналистик суриштируви юзасидан расмий баёнот бўлмай, журналистга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сон қарори билан тасдиқланган “Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидалари”га оид талаблар юзасида тушунтириш берилган.

Аммо эълон қилинган видеолавҳада бу ҳолат “расмий баёнот” сифатида талқин этилган, ваҳоланки, ёзма сўров юбориш ва унга расмий жавоб қайтаришга ўзаро келишилган бўлса-да, Акциядорлик жамиятига «Халқ сўзи» таҳририятидан расмий сўров келиб тушмаган.

Бундан ташқари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровни кўриб чиқиш тартибига кўра, Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек, мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кунлик муддатда кўриб чиқилиши белгиланган. Таҳририят мухбири эса уч марта қўнғироқ қилиб «икки соатдан кейин камера билан ишхонангизга бораяпман, раҳбарингизни интервьюга тайёрлаб туринг», дегани ОАВ вакили этикаси ва мавжуд тартиб-қоидаларга зид эканини айтиш ўтишни жоиз билдик.

Шунингдек, видеолавҳада «Тошкент магистрал электр тармоқлари» филиалининг хати эълон қилиб, унда имло хатолар кўплиги кўрсатилган. Бу борада таҳририятнинг эътирози тўғри, бу Филиал масъул ходимларининг эътиборсизлиги туфайли рўй берган. Аммо техник-муҳандислар томонидан ёзилган хатнинг мазмуни тўғрилиги ва Филиал томонидан юборилгани аниқ (тасдиқланади).

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Ахборот хизмати “Халқ сўзи” таҳририятига (барча ОАВ ва жамоатчилик вакилларига) мулоқот учун доим очиқлигини, шунингдек, расмий сўровларга белгиланган муддат ичида расмий жавоб беришини маълум қилади. Шу билан бирга, Акциядорлик жамияти 220 кВ кучланишли Л-2-К-1 электр узатиш тармоғи юзасидан қайд этилган барча мурожаатларга тегишли тартибда жавоб берган.

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati