2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
ЭНEРГEТИКА ВАЗИРЛИГИ: Марказий Осиёда биринчи минтақавий электр энергияси бозори яратилади
  • 23.01.2026
  • 3

#электр_энергияси

Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши бугун “Марказий Осиёда электр энергияси бозорини ривожлантириш ва энергия тизимлари интеграцияси” (РEМИТ) дастурини тасдиқлади.

Дастурни амалга ошириш 10 йил давом этади. У уч босқичга бўлинган бўлиб, уларнинг асосий мақсади минтақа энергетика соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

Дастур Марказий Осиёда биринчи минтақавий электр энергияси бозорини яратиш, савдони ривожлантириш, электр узатиш тизимларининг ўтказувчанлик қобилиятини кенгайтириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларининг минтақа мамлакатлари энергия тизимларига кенг кўламли интеграцияси учун асос яратишга қаратилган.

Марказий Осиёда электр энергиясига бўлган талаб тез суръатлар билан ўсиб бормоқда ва ҳозирги тенденциялардан келиб чиқиб, 2050 йилга бориб ушбу талаб уч баробар ошиши мумкин. Минтақа иқтисодиётининг ўсиши, аҳоли сонининг кўпайиши, саноат ривожланиши ва шаҳарларнинг кенгайиши билан арзон, ишончли ва барқарор энергияга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда.

РEМИТ дастури минтақанинг бир-бирини тўлдирувчи энергия ресурсларидан, жумладан, Қирғизистон Республикаси ва Тожикистондаги гидроэнергетика, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистондаги иссиқлик электр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқариш, шунингдек, Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида ўсиб бораётган қуёш ва шамол энергияси салоҳиятидан фойдаланишга қаратилган.

Кейинги ўн йил ичида РEМИТ дастури электр энергияси савдоси ҳажмини йилига камида 15 000 ГВт/соатгача оширишга ёрдам беради – бу бутун Марказий Осиё бўйлаб миллионлаб одамларнинг йиллик эҳтиёжларини қондириш учун етарли бўлади. Шунингдек, у электр узатиш тармоқларининг ўтказувчанлик қувватини 16 ГВтгача – уч баравардан кўпроққа оширишга, минтақа мамлакатларининг энергия тизимларига 9 ГВтгача тоза энергия қувватларини интеграция қилишга ёрдам беради. Минтақавий энергетика интеграциясини мустаҳкамлаш янада мувозанатли ва барқарор энергия тизимини яратиш, электр таъминотидаги узилишларни камайтириш, уй хўжаликлари ва бизнес учун энергия нархини пасайтириш имконини беради.

РEМИТ дастури Марказий Осиёда минтақавий электр энергияси бозорини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш, минтақавий электр энергиясини узатиш инфратузилмасини мустаҳкамлаш, энергия тармоқларининг ишончлилигини ошириш учун рақамли тизимларни жорий этиш, шунингдек, энергетика соҳасида минтақавий институтлар ва мувофиқлаштиришни кучайтиришга йўналтирилади. Шунингдек, дастур доирасидаги инвестициялар минтақа мамлакатларига энергетика инфратузилмасини қуриш соҳасида ҳам, минтақавий электр энергияси бозорини бошқариш соҳасида ҳам юқори малакали мутахассислар учун янги иш ўринларини яратишга ёрдам беради.

РEМИТ дастури — минтақавий электр энергияси бозори кўламини кенгайтириш, ўтказувчанлик қобилиятини ва минтақавий инфратузилмани рақамлаштиришни кучайтириш, шунингдек, тегишли минтақавий институтларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш имконини беради.

Манба:  https://t.me/minenergy_uz/18940 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

http://t.me/uzmetaxborotxizmati