2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Коррупцияга қарши курашиш
Давлат дастури лойиҳасида коррупцияга қарши курашиш йўналишида қатор вазифалар белгиланди
  • 27.01.2026
  • 30

“Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастури тўғрисида”ги Президент Фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. 

Давлат дастури лойиҳасида коррупцияга қарши курашиш йўналишида қуйидаги вазифалар белгиланмоқда: 

➖ Энг асосий ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи 2 мингдан зиёд қонунчилик ҳужжатларини хатловдан ўтказиб, улардаги коллизиялар, номувофиқликлар, «ноаниқ» қоидалар ва бошқа коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш;

Давлат органлари раҳбарларининг ўзи раҳбарлик қилаётган идора ёки тизим фаолиятида йўл қўйилган жиддий хато ва камчиликлар учун сиёсий жавобгарлиги институтини жорий қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш:

Лойиҳада сиёсий лавозимларни эгаллаган давлат хизматчиларининг халқ олдида масъуллиги, уларга нисбатан ишончсизлик билдирилиши асослари ва тартиби, уларнинг ўз ихтиёри билан истеъфога чиқиши тартиби назарда тутилади.

➖ Давлат органида меҳнат шартномаси тугатилган ёки хизматдан бўшатилган ходимни икки йил ичида ўзи бевосита ёки билвосита назоратни амалга оширган ташкилотларга ишга қабул қилишда коррупцияга қарши ички назорат тузилмасидан хулоса олишнинг аниқ тартибини белгилаш бўйича идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш;

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги расмий веб-сайти ва «Э-антисор» очиқ платформасида манфаатлар тўқнашуви ва коррупциянинг олдини олишга доир қонунчиликдаги чекловлар бўйича юзага келган муаммоли вазиятларда реал вақт режимида маслаҳатлар берувчи «Маслаҳатчи» интерактив хизмати (чат-бот) модулини ишлаб чиқиш.

➖ Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг туман (шаҳар) бўлинмалари раҳбарларини ротация қилиш тартиби бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш:

Лойиҳада ротация қилинадиган лавозимлар рўйхатини тасдиқлаш, ротация қилиш асослари ва тартиби, ротация қилишда қўшимча ижтимоий-ҳуқуқий кафолатларни таъминлаш акс эттирилади.

➖ “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасида 30 минг нафар давлат хизматчисини коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитиш:

▫️Ўқитиш жараёнларига халқаро экспертларни жалб этиш, ўқув услубий қўлланмалар ва ўқув дастурларини такомиллаштириш;

▫️ Ўқитиш натижаларини мониторинг қилган ҳолда давлат хизматчиларини белгиланган муддатда ўқитиш бўйича мажбурий талабларга риоя этмаган ташкилотларга тақдимнома киритиш.

Харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари ва уларнинг аффилланган шахсларининг айни бир лотдаги иштирокининг олдини олишга оид қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш:

▫️харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари ва уларнинг аффилланган шахслари, шу жумладан, бир хил таъсисчилар, раҳбарлар, бенефициарлар ёки ўзаро боғлиқ тадбиркорлик субъектларининг айни бир лотда иштирок этишини чекловчи мезонларни белгилаш;

▫️харид қилиш тартиб-таомилларида аффилланган шахсларнинг иштирокини назорат қилиш механизмларини жорий этиш, шу жумладан, автоматик текширув ва хавф индикаторларини ишлаб чиқиш орқали рақобатни кучайтириш.

➖ Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги хизматлар ва сервислар сонини 880 тага етказиш, шунингдек, порталнинг қулайликларини оммавий ахборот воситалари ва бошқа усуллар орқали тарғиб қилиш;

“Open Data Challange” хакатони ўтказиш.

► Жамоатчилик муҳокамаси жорий йилнинг 7 февраль санасига қадар давом этади.
———
Коррупцияга дуч келсангиз Агентликнинг «Call -маркази» – 1253 орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз.

Манба:  https://t.me/antikor_uzb/4366

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

http://t.me/uzmetaxborotxizmati