

Бугун “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ “Сирдарё магистрал электр тармоқлари” филиалида, умуман, энергетика соҳасида узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилиб келган, филиалнинг “Мустаҳкамлик, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси” гуруҳи муҳандиси Низамова Мастура Норбўтаевнанинг меҳнат нафақасига чиқиши муносабати билан касаба уюшмаси томонидан хайрлашув маросими ўтказилди.
Тадбирда филиал директори И.А.Худайназаров сўзга чиқиб, Низамова Мастура Норбўтаевнанинг электр энергетика соҳасидаги кўп йиллик фидокорона меҳнатини алоҳида эътироф этди. У киши ўз нутқида ҳамкасбимизнинг касбий масъулияти, бой тажрибаси ва жамоа орасидаги обрў-эътибори филиал фаолиятида муҳим ўрин тутганини таъкидлади ҳамда узоқ йиллар давомида қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.
Маълумот ўрнида: Мастура Норбўтаевна 1958 йил Сирдарё вилояти Гулистон туманида таваллуд топган. 1975–1981 йиллар давомида Тошкент политехника институтида таҳсил олган. Меҳнат фаолиятини 1981 йилда “Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖда бошлаган бўлиб, 2015 йилга қадар ушбу корхонада “Ишлаб чиқариш техникаси” хизмати техниги, муҳандиси, етакчи муҳандиси ҳамда бошлиқ лавозимларида самарали фаолият юритган.
2020 йилдан бошлаб эса “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ “Сирдарё магистрал электр тармоқлари” филиалида “Мустаҳкамлик, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси” гуруҳи муҳандиси лавозимида ишлаб, ўзининг бой билим ва тажрибасини ёш мутахассисларга ўргатиб келган.
Тадбир якунида ҳамкасбимизга кўп йиллик ҳалол ва самарали меҳнати учун самимий тилаклар билдирилиб, келгуси ҳаётида мустаҳкам соғлик, оилавий тинчлик ва фаровонлик тиланди.
"СИРДАРЁ МАГИСТРАЛ ЭЛEКТР ТАРМОҚЛАРИ" ФИЛИАЛИ каналига обуна бўлинг!