2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
ЭНEРГEТИКА ВАЗИРЛИГИ: «Яшил» водород: халқаро тажриба ва технологияларни ўрганиш
  • 28.04.2026
  • 10

#ҳамкорлик

«Яшил» водород: халқаро тажриба ва технологияларни ўрганиш

Корея Республикасида “Clean Hydrogen for Uzbekistan” лойиҳаси доирасида Энергетика вазирлиги мутахассислари ҳамда вазирлик ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти вакиллари водород энергетикаси соҳасидаги халқаро тажриба, қонунчилик асослари ва технологик ечимлар билан танишмоқда.

Мазкур дастур “Global Green Growth Institute” (GGGI) ҳамкорлигида амалга оширилмоқда ҳамда мамлакатда тоза водород бозорини шакллантириш учун зарур институционал ва технологик асосларни ўрганишга қаратилган.

Дастур доирасида водород энергетикасини ривожлантиришга оид норматив-ҳуқуқий базани ўрганиш, технологиялар билан танишиш ҳамда уни саноат тармоқларида қўллаш имкониятларини баҳолаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жаҳон амалиётида «яшил» водород, одатда, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан ишлайдиган электролиз технологиялари орқали ишлаб чиқарилади. Мулоқотлар давомида водородни ишлаб чиқариш, сақлаш ва энергетика тизимида қўллаш бўйича Корея тажрибаси тақдим этилди. Шунингдек, ушбу йўналишда илғор технологияларни жорий этиш ва мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Водород энергетикаси келгусида кам углеродли иқтисодиётга ўтишда муҳим омиллардан бири сифатида қаралмоқда.

Шу билан бирга, водород технологиялари саноат тармоқларини декарбонизация қилиш, энергетика тизимининг барқарорлигини ошириш ва кам углеродли иқтисодиётга босқичма-босқич ўтишда муҳим йўналишлардан бири сифатида қаралмоқда.

Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар эса келажакда водород технологияларини жорий этиш имкониятларини янада кенгайтириши мумкин.

Учрашувлар давомида соҳада ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.

Манба:  https://t.me/minenergy_uz/19709

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

http://t.me/uzmetaxborotxizmati