2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
ТЕЖАМКОРЛИК ГАРОВИ: Хонадондаги электр ускуна ва жиҳозларидан унумли фойдаланиш юзасидан тавсиялар
  • 28.04.2026
  • 17

Ҳурматли истеъмолчилар, энг аввало, энергия ресурсларини тежаш, улардан оқилона фойдаланиш — бу хонадонимиздаги электр ускуна ва жиҳозлардан фойдаланмаслик эвазига бўлмаслигини тушуниб олишимиз шарт. Демак, биз фойдаланиш жараёнида беҳуда ишлатмасак ва/ёки кам энергия эвазига кўпроқ фойдали ишга эришсак, айни кунларда кўп маротаба айтиб келинаётган тушунча — энергия тежамкорлиги ва самарадорлигига эришамиз.

Истеъмолчиларнинг бир қатор ҳуқуқлари бўлиши билан бирга бир қатор вазифа-мажбуриятлари ҳам бор. Шулардан бири, энергия ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш, миллий бойлигимиз маҳсулидан самарадорлик билан, яъни оқилона фойдаланиш.

Мисол учун, уйингиздаги биргина телевизор розеткадан ўчирилмаганда (кутиш режимида қолса) ўртача бир кунда 25 Вт, бир ойда эса 750 Вт, яъни ўртача 22,5 кВт∙соат электр энергияси беҳуда сарфланади.

Хўжалик истеъмоли бўйича иситиш ва совитиш жиҳозлари биринчи ўринни банд қилади – уларнинг ҳиссасига жами истеъмолнинг 50–70 фоизи тўғри келади.

Сув иситиш мосламалари (бойлерлар) энг кўп энергия сарфловчи жиҳозлар рўйхатида иккинчи ўринда туради. Агар бойлерда иситиладиган сув ювиниш, идиш ювиш, кир ювишга ишлатилса, бу харажатлар ҳиссаси йиллик истеъмолнинг 12 фоизигача етиши мумкин. Электр сув иситкичнинг сарф кўрсаткичлари оила аъзолари сонига ҳамда уларнинг тежамкорлик маданиятига чамбарчас боғлиқ. Баъзи ҳолатларда у ойига 400 киловатт-соатгача етади.

Бундай ускуналарнинг истеъмолини фақатгина қатъий назорат орқали камайтириш мумкин. Масалан, уйда узоқ вақт бўлмаган пайтингиз «таътил» режимини ёқиб қўйиш мумкин. Шунингдек, сувдан ҳеч ким фойдаланмайдиган соатларда бойлерни ўчириб қўйса ҳам бўлади.

Ўртача олганда, кир ювиш машинаси йиллик истеъмолнинг 2–5 фоизини, идиш ювиш машинаси 2–3 фоизини, электр плита ва духовка 8 фоизини ташкил этади. Табиийки, ушбу электр жиҳозларнинг сарфи улардан қанчалар кўп фойдаланишимизга боғлиқ. Кир ва идиш ювиш машиналарини фақат тўлдирган ҳолда ишлатиш орқали энергия сарфини анчагина камайтириш мумкинлиги исботланган.\

Уйимизни ёритиш учун ўртача статистикага кўра, жами харажатларнинг тахминан 10–12 фоизи кетади. Агар ёруғлик диодли лампалар ўрнига қуйма лампалардан фойдаланилса, бу кўрсаткич бир неча баравар юқори бўлиши ҳам мумкин. Чироқ ҳақида гап кетганда, электрни тежашнинг энг оддий усули – ҳеч кимга керак бўлмаган хоналарда чироқни ёқиқ қолдирмасликдир.

Стандарт музлаткич йилига ўртача 150 киловатт∙соат энергия истеъмол қилади. Бироқ мутахассисларнинг таъкидлашича, музлаткич хона девори ёки бурчагига ўта яқин қўйилса ва ҳаво айланиши яхши бўлмаса, жуда иссиқ хонада турса, энергия сарфи ошиб кетади. Яна бир жиҳат – музлаткич 3/4 қисмга тўлдирилган ҳолатда самарали ишлайди. Шу сабабдан унинг “эскирган” нарсалар билан тўлиб қолишига йўл қўймаслик керак.

Тавсияларни «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Электр энергияси оқимларини таҳлил қилиш ва ҳисоботини юритиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Салим Латипович Эшонқулов тайёрлади.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

http://t.me/uzmetaxborotxizmati