2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
ЭНEРГEТИКА ВАЗИРИ: Ҳурматли ҳамкасблар ва энергетика соҳаси ходимлари!
  • 01.05.2026
  • 3

#табрик #энергетиканинг_100_йиллиги

Ҳурматли ҳамкасблар ва энергетика соҳаси ходимлари! 
 
Бундан роппа-роса
100 йил аввал — 1926 йил 1 май куни «Бўзсув» гидроэлектр станциясининг ишга туширилиши билан юртимизда замонавий энергетика тизимига асос солинган эди. Қуввати атиги 2 мегаватт бўлган мазкур илк станция мамлакатимиз саноати ва шаҳар инфратузилмасини электр энергияси билан таъминлаш йўлида муҳим ва тарихий қадам бўлган. 
 
Ўтган бир аср давомида энергетика соҳаси улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди. Янги электр станциялари барпо этилди, тармоқлар кенгайтирилди, инфратузилма изчил модернизация қилинди. Бугунги кунда энергетика тизими мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ривожланишининг мустаҳкам таянчига айланди. 
 
Сўнгги йилларда, ҳурматли Президентимиз Ш.М.Мирзиёев бошчиликларида соҳага алоҳида эътибор қаратилиши натижасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, инвестиция лойиҳалари изчил равишда кенгайтирилиб, умумий қиймати 11 миллиард долларлик йирик лойиҳалар ишга туширилди ва тарихий аҳамиятга эга салмоқли натижаларга эришилди. Хусусан, сўнгги 9 йилда электр энергиясини ишлаб чиқариш бўйича қарийб 15 минг мегаватт қувватли янги объектлар ишга туширилиб, умумий генерация қувватлари 25,8 гигаваттга етказилди
 
Айниқса, 2021–2025 йилларда умумий қуввати 5 582 мегаваттга тенг бўлган 15 та қуёш ва 5 та шамол электр станциясининг ишга туширилиши «яшил» энергетикани жадал ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Биргина қуёш ва шамол электр станциялар ҳисобидан 2025 йилда 10,5 миллиард кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йил якунига қадар қарийб 15 миллиард кВт⋅соат ишлаб чиқариш режа қилинмоқда. Шу билан бирга, умумий қуввати 8 минг мегаваттдан ортиқ бўлган замонавий, энергия тежамкор иссиқлик электр станциялари ишга туширилди. Гидроэлектр станциялари қуввати 2 минг 400 мегаваттдан оширилди. 
 
Электр тармоқларини ривожлантириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 110–500 кВли 2 123 км электр узатиш тармоқлари қурилди, юқори кучланишли подстанцияларнинг қуввати 12 608 МВАга оширилди. Шунингдек, 77 минг км электр узатиш тармоқлари ҳамда 24 мингдан зиёд трансформатор пунктлари янгиланди. Амалга оширилган ишлар натижасида 3,5 миллиондан ортиқ истеъмолчиларнинг электр таъминоти яхшиланди. 
 
Албатта, бу ишлар билан чекланиб қолмасдан, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва тизимни янада ривожлантириш бўйича изчил ишлар давом эттирилмоқда. Жорий йил якунига қадар яна қатор янги генерация қувватлари, подстанциялар, минглаб километр электр тармоқлари ҳамда замонавий трансформатор пунктлари қурилиши ва ишга туширилиши режалаштирилган. 
 
Қадрли энергетиклар! 
 
Юз йиллик шарафли тарих давомида тўпланган бой тажриба ва салоҳият мамлакатимиз энергетикасини янада ривожлантириш, соҳани чуқур модернизация қилиш ва барқарор энергия таъминотини таъминлашда ишончли пойдевор бўлиб хизмат қилади. 
 
Ишончимиз комилки, сизларнинг фидокорона меҳнатингиз, юксак масъулиятингиз ва касбий маҳоратингиз энергетика соҳасининг изчил тараққиётини таъминлаб, янги лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга ошишига, юртимиз иқтисодий қудратини янада юксалтиришга хизмат қилади. Шунингдек, барчамиз биргаликда Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган вазифа ва топшириқларни ўз вақтида бажариб, Президентимиз ҳамда халқимиз ишончини оқлаш йўлида янада фаол ва садоқат билан хизмат қиламиз
 
Шу фурсатдан фойдаланиб, сизларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий фаровонлик, тинчлик-хотиржамлик ва касбий фаолиятингизда улкан ютуқлар тилаб қоламиз. 

Ҳурмат билан, 
Энергетика вазири 
Жўрабек Мирзамаҳмудов

Манба:  https://t.me/minenergy_uz/19736 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

 t.me/uzmetaxborotxizmati