2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
ҚУРБОН ҲАЙИТИ — МEҲР-ОҚИБАТ, САХОВАТ ВА ЭЗГУЛИК ТАНТАНАСИ
  • 26.05.2026
  • 4

☪️ ҚУРБОН ҲАЙИТИ — МEҲР-ОҚИБАТ, САХОВАТ ВА ЭЗГУЛИК ТАНТАНАСИ

Муҳтарам юртдошлар!
Қадрли ҳамкасблар!


Аввало, Сиз азизларни бутун ислом аҳли учун улуғ ва муборак бўлган Қурбон ҳайити айёми билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Бу қутлуғ байрам асрлар давомида халқимизнинг энг эзгу фазилатлари — меҳр-оқибат, инсонпарварлик, саховат, шукроналик ва бағрикенглик каби олийжаноб қадриятларни ўзида мужассам этиб келаётган беқиёс маънавий неъматдир. Қурбон ҳайити инсон қалбини поклик ва эзгуликка чорлайдиган, одамларни бир-бирига янада яқинлаштирадиган, жамиятимизда ҳамжиҳатлик ва мурувват муҳитини мустаҳкамлайдиган улуғ айёмдир.

Айниқса, бугунги масъулиятли замонда инсон қалбида меҳр-шафқат, оқибат ва саховат туйғуларини янада кучайтириш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Зеро, халқимизнинг азал-азалдан давом этиб келаётган бағрикенглик ва мурувват анъаналари юртимиз тинчлиги, жамиятимиз барқарорлиги ҳамда фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам пойдеворидир.

Қурбон ҳайити кунлари инсон учун энг улуғ неъмат бўлган ота-она дуосини олиш, яқинлар ҳолидан хабар олиш, кўнгилларга қувонч улашиш, ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш каби савобли ва хайрли амалларнинг қадри янада ортади. Чунки, бу муборак кунларнинг моҳиятида инсонийлик, фидойилик ва эзгулик мужассамдир.

Бугун Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг туб моҳиятида ҳам инсон қадри, халқ манфаатлари ва жамият фаровонлигини таъминлашдек эзгу мақсадлар мужассамдир. Шу маънода, Қурбон ҳайитининг инсонпарварлик ва саховатга ундовчи улкан тарбиявий аҳамияти бугунги тараққиёт йўлимиз билан ҳамоҳангдир.

Мамлакатимиз энергетика соҳаси, айниқса электр энергетика тармоғи иқтисодиётимиз барқарорлиги, саноат тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда тобора муҳим стратегик таянчга айланиб бормоқда. Ушбу шарафли ва масъулиятли соҳада фидокорона меҳнат қилаётган барча ҳамкасбларимизнинг саъй-ҳаракатлари Юртимиз равнақига хизмат қилаётганини алоҳида мамнуният билан эътироф этаман.

☪️ Муқаддас Қурбон ҳайити ҳар бир хонадонга файзу барака, қалбларга таскин ва осойишталик олиб кирсин. Дастурхонларингиздан қут-барака, оилаларингиздан меҳр-оқибат, юртимиздан тинчлик ва фаровонлик аримасин.

♦ Аллоҳ таоло халқимизни ўз паноҳида асрасин, жонажон Ватанимизга тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва янада юксалишлар ато этсин. Барчамизга келгуси ҳайит айёмларига ҳам соғ-саломат, бахту саодат ва эзгу ниятлар билан етиб боришни насиб айласин.

Яна бир бор барчангизни муборак Қурбон ҳайити билан самимий қутлайман!
 

 

Ҳурмат билан,

✏️ А. А. Назиров,
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси