

#хориж_хабарлари #яшил_энергия
►Дунё энергетик хавфсизликка сармоя киритмоқда: Нега энергия трансформацияси энди фақат иқлим масаласи эмас ?
2026 йилда глобал энергетика соҳасига йўналтириладиган инвестициялар ҳажми рекорд даражага — 3,4 триллион АҚШ долларига етиши кутилмоқда (+5%).
Шундан қарийб учдан икки қисми — 2,2 триллион доллар қайта тикланувчи энергия манбалари, атом энергетикаси, электр тармоқлари, энергия сақлаш тизимлари ва электрлаштириш лойиҳаларига йўналтирилади.
Нефть, газ ва кўмир соҳаларига эса 1,2 триллион доллар инвестиция киритилиши прогноз қилинмоқда.
Авваллари энергия трансформациясининг асосий омили иқлим ўзгаришига қарши кураш бўлган бўлса, бугунги кунда асосий устуворлик — энергетик хавфсизликни таъминлаш масаласига айланмоқда.
Яқин Шарқдаги можаро ва Ҳормуз бўғози атрофидаги хатарлар ҳукуматлар ҳамда инвесторларни геосиёсий таваккалчиликларни камайтириш мақсадида маҳаллий генерация қувватларини ривожлантиришга ундамоқда.
♦ Асосий инвестиция йўналишлари:
• Қуёш энергетикаси — 365 миллиард доллар. Сўнгги ўн йилда 1 ГВт қуёш қувватларини яратиш харажати 3 миллиард доллардан 700 миллион долларгача камайди, янги қувватларни ишга тушириш ҳажми эса 10 баравар ошди. Қуёш панеллари импорти бўйича энг юқори ўсиш Африка ва Жануби-Шарқий Осиёда кузатилмоқда.
• Шамол энергетикаси — 200 миллиард доллар.
• Гидроэнергетика — 75 миллиард доллар.
• Атом энергетикаси — 80 миллиард доллар. Бугунги кунда 15 мамлакатда умумий қуввати 78 ГВт бўлган янги объектлар қурилмоқда, 40 дан ортиқ давлат ушбу йўналишни қўллаб-қувватлаш дастурларини қабул қилган.
• Электр тармоқлари — 550 миллиард доллар (+20%) ва энергия сақлаш тизимларига — 100 миллиард доллар. Электр тармоқлари энергия трансформациясининг энг заиф бўғинларидан бирига айланмоқда.
• Энергия самарадорлиги — 350 миллиард доллар.
Бугунги кунда глобал энергетика инвестицияларининг 60 фоизи электр энергияси билан боғлиқ йўналишларга тўғри келмоқда.
Сунъий интеллект ва маълумотларни қайта ишлаш марказлари электр энергиясига бўлган талабнинг асосий драйверига айланмоқда. Фақатгина дата-марказлар инфратузилмасига 2025 йилда 100 миллиард доллар йўналтирилди. Бу Африка қитъасидаги жами энергетика инвестицияларидан ҳам кўпроқдир.
Қайта тикланувчи энергия, электрлаштириш ва энергия самарадорлигига йўналтирилган инвестициялар 2025 йилда йирик энергия импорт қилувчи мамлакатларга ёқилғи импорти харажатларини 260 миллиард долларга қисқартириш имконини берди. Шундан 110 миллиард доллари Хитой ҳиссасига тўғри келади.
⇒ Энергия трансформацияси энди фақат экологик ташаббус эмас. У иқтисодиётни ташқи хатарлар ва геосиёсий беқарорликдан ҳимоя қилувчи стратегик воситага айланмоқда.
Шу сабабли «яшил» инвестицияларнинг бугунги ўсиш суръати аввалги даврларга нисбатан янада барқарор бўлиши мумкин.
⇒ Генерацияда «яшил» энергия улушининг ортиши табиий газга бўлган боғлиқликни камайтирмоқда
Манба: https://t.me/minenergy_uz/20201
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати