2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
ЭНEРГEТИКА ВАЗИРЛИГИ: Энергетика вазири Шерзод Ходжаев ҳамда туман ҳокими Санъатбек Жуманиязов иштирокида тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди
  • 31.07.2026
  • 5

“Ҳамма ҳужжатингиз тўғри бўлса, сиз “Электр тармоқлари”дан илтимос қилманг, талаб қилинг. Бунга тўлиқ ҳаққингиз бор” — Энергетика вазири тадбиркорларга
 
Янгийўл туманида Энергетика вазири Шерзод Ходжаев ҳамда туман ҳокими Санъатбек Жуманиязов иштирокида тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
 
Унда туманда фаолият юритаётган 27 нафар тадбиркор иштирок этиб, (17 та электр ва 6 та газ ва бошқа) электр энергияси ва табиий газ таъминоти, тармоқлардаги узилишлар, ёз ойларида электр қуввати ва қиш мавсумида газ босимининг етарли эмаслиги, электр ва газ тармоқларига уланиш учун техник шарт олиш, энергия ресурслари бўйича қарздорлик ҳамда бошқа масалалар юзасидан ўз мурожаат ва таклифларини билдирди.
 
Мулоқот давомида кўтарилган мурожаатларнинг бир қисми юзасидан шу ернинг ўзида амалий ечимлар белгиланди. Қўшимча ўрганиш ва вақт талаб этадиган масалалар бўйича эса тадбиркорларга батафсил тушунтиришлар берилиб, уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Айрим мурожаатлар юзасидан жойига чиққан ҳолда қўшимча ўрганиш ўтказилиши ҳамда натижаси бўйича тегишли чоралар кўрилиши белгиланди.
 
Шунингдек, электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда қўлланилган молиявий санкцияларни бекор қилиш ёки уларнинг миқдорини камайтириш Энергетика вазирлиги ваколатига кирмаслиги, бундай масалалар амалдаги қонунчиликка мувофиқ суд тартибида кўриб чиқилиши мумкинлиги юзасидан тушунтириш берилди.
 
Тадбиркорларга электр ва газ тармоқларига уланиш бўйича техник шартлар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали электрон тарзда расмийлаштирилиши, бу каби масалаларни электр ёки газ таъминоти корхоналари ходимлари билан норасмий тартибда ҳал этишга йўл қўйилмаслиги алоҳида таъкидланди.
 
Шунингдек, агар тизим ходимлари томонидан манфаат эвазига ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйилгани ҳақида маълумотлар мавжуд бўлса, тадбиркорлардан бу ҳақда тегишли органларга ёки Энергетика вазирлигига мурожаат қилиш сўралди. Бундай ҳолатларга нисбатан муросасиз чоралар кўрилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга белгиланган тартибда тақдим этилиши маълум қилинди.

“Ҳамма ҳужжатингиз тўғри бўлса, сиз “Электр тармоқлари”дан илтимос қилманг, талаб қилинг. Бунга тўлиқ ҳаққингиз бор”, деди энергетика вазири тадбиркорлар билан учрашувда.
 
Очиқ мулоқотлар давом эттирилади. Янгийўл тумани ва бошқа яна 14 та туманда штаблар фаолияти давом этмоқда.

Манба: https://t.me/minenergy_uz/20647

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
t.me/uzmetaxborotxizmati