

Бугун соат 13:24 да Наманган вилоятида жойлашган «Сардор» подстанциясидан чиқувчи 110 кВ кучланишли Л-С-П электр узатиш тармоғи ҳимоя тизими ишлаши оқибатида қисқа муддатга ўчган эди.
Натижада Поп тумани ва Тўрақўрғон туманларининг айрим ҳудудлари истеъмолчилари электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар содир бўлди.
Истеъмолчилар зудлик билан захира манбалар орқали таъминланиб, мазкур ҳолат тезкор навбатчи бригада аъзолари томонидан ўрганилди. Маълум бўлишича, 110 кВ кучланишли тармоқнинг 10–11-сонли таянч устунлари оралиғи «А» фазаси симига қурилиш ташкилоти автокраннининг узатма мосламаси («стрела»си) рухсат этилмаган масофага яқинлашган сабабли қисқа туташув содир бўлган.
Қисқа туташув излари электр узатиш тармоғи сим-арқонида, автокраннинг узатма мосламаси ҳамда ғилдиракларида ўз аксини қолдирган. Мутахассислар томонидан қурилиш автокрани линиянинг муҳофаза зонасидан чиқарилган, тегишли қайднома юргизилиб, тушунтириш ишлари олиб борилган.
—
Эътиборли бўлинг! Қонунни билмаслик жавобгарликдан озод этмайди!
Эътибор беринг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сон қарори, 3-боб, 13-бандига мувофиқ Электр тармоғи хўжалиги объектлари – ушбу электр тармоғи хўжалиги объектлари ўз ихтиёрида бўлган корхоналар томонидан муҳофаза қилиниши белгилаб қўйилган.
Қарорнинг 14-бандида электр тармоғи хўжалиги объектларининг "муҳофаза зоналари" масофаси — электр узатиш линияларининг кучланиш миқдорига мос тарзда белгилаб берилган ва улар қуйидагича:
- 35 киловолт кучланишли линиялар учун – 15 метр;
- 110 киловолт кучланишли линиялар учун – 20 метр;
- 220 киловолт кучланишли линиялар учун – 25 метр;
- 500 киловолт кучланишли линиялар учун – 30 метр.
???? Эслатиб ўтамиз, электр узатиш ҳаво линиялари бўйлаб — четдаги симлардан, уларнинг оғмаган ҳолатида электр узатиш линиясининг иккала томони бўйлаб, электр узатиш линияси таянчи баландлигига мос бўлган баландликдаги масофага эга параллель вертикал текисликлар билан чегараланган ер участкаси ва ҳаво макони қисми — электр узатиш линияларининг “муҳофаза зонаси” деб аталади.
Батафсил https://t.me/uzmetaxborotxizmati/59075
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати