

Ижтимоий тармоқларда «ЭЛЕКТРОМОНТЁРЛАРНИНГ ИШ ҲАҚИ ҚАЕРГА ҒОЙИБ БЎЛМОҚДА?» сарлавҳали мақолада «Қашқадарё магистрал электр тармоқлари» филиали электр монтёрлари 24 соат навбатчилик қилса-да, иш ҳақи фақат 18 соат учун ҳисобланаётгани ҳақида маълумот тарқатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан маълум қиламизки, «Қашқадарё МЭТ» филиалининг 35/6 кВ ҳамда 35/10 кВ кучланишли подстанцияларида навбатчи электр монтёрлари смена асосида хизмат олиб боради. Навбатчилик фаолияти «Актив» ва «Пассив» ҳолатлардан иборат бўлиб, «Актив» ҳолатда электр ускуналарини ўчириш-қўшиш ҳамда бошқа тезкор ишлар амалга оширилади. «Пассив» ҳолатда эса ўчириш-қўшиш ишлари амалга оширилмаган вақтда навбатчи электр монтёрга дам олиш имконияти берилади.
Шу сабабли, 24 соатлик навбатчиликда бўлишни 24 соат узлуксиз меҳнат қилинган вақт сифатида баҳолаш мумкин эмас. Навбатчиликда ходимнинг иш вақти ва дам олиш вақти белгиланган тартибда ажратиб ҳисобга олинади.
Меҳнат кодексининг 199-моддаси талабларига кўра, ишлаб чиқариш (иш) шароитлари туфайли ходимлар учун белгиланган кунлик ёки ҳафталик иш вақти давомийлигига риоя этиш имкони бўлмаган ҳолларда иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш жорий этилиши мумкин. Бунда ҳисобга олиш давридаги иш вақти белгиланган иш соатлари нормасидан ошмаслиги, кунлик иш (смена) давомийлиги эса 12 соатдан ортиқ бўлмаслиги лозим.
Шунга мувофиқ, филиалда навбатчи электр монтёрларининг иш вақти қонунчиликда белгиланган талаблар асосида ҳисобга олинади. Бунда навбатчилик давридаги «Актив» ҳолатда бажарилган меҳнат вақти, шунингдек, «Пассив» ҳолатда ходимга берилган дам олиш вақти тегишли тартибда инобатга олинади.
Бундан ташқари, соат 22:00 дан 06:00 гача бўлган вақт тунги вақт ҳисобланади. Тунги вақтга тўғри келадиган иш вақти қонунчилик талабларига мувофиқ ҳисобга олинади ва тунги вақтдаги меҳнат учун белгиланган тартибда оширилган миқдорда ҳақ тўланади.
Шу тариқа, навбатчи электр монтёрларининг навбатчилик вақти, иш вақти, дам олиш вақти ҳамда тунги вақтдаги меҳнати алоҳида тартибда ҳисобга олиниб, меҳнатга ҳақ тўлаш амалдаги меҳнат қонунчилиги талабларига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан мақолада келтирилган «24 соат навбатчилик қилиб, фақат 18 соат учун иш ҳақи олинмоқда» мазмунидаги даъволар 24 соатлик навбатчилик тушунчаси билан ходимнинг ҳақиқатдаги иш вақти ҳисобини бир-бирига тенглаштириш натижасида юзага келган нотўғри талқин эканлигини маълум қиламиз.
«Қашқадарё магистрал электр тармоқлари» филиали маъмурияти